2017 йил 3 январь куни қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун коррупцияга барҳам бериш учун барча асосларни яратиб берди. Мазкур Қонун ижроси тўлиқ ва самарали таъминланиши учун 2017 йил 2 февралда Давлатимиз раҳбарининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги “Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш ўта долзарб масаладир. Гарчи уни бажариш учун масъул идоралар белгиланган бўлса-да, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис эта билиши даркор. Коррупцияга қарши курашиш – мураккаб жараён. Чунки ўз манфаати йўлида хеч нарсадан тап тортмайдиган, нафси ва кўзи оч амалдорлар жамиятда учраб турибди. Бундайларда ҳар доим қачондир нафси ҳалак отиб кетиш хавфи бўлади. Бу иллатни даф этиш учун жамиятда қонун устуворлиги асосий масала бўлиши лозим.
Давлат ҳокимияти тизимларининг иш фаолияти шаффоф бўлиши керак ҳамда бу шаффофлик жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ёрдамида назорат қилиб борилиши лозим. Уларнинг фуқаролар ҳуқуқларини шарҳлаб бориши ва жамиятда ҳуқуқий саводхонлик даражасининг юксалишига ёрдам берувчи мустақил ҳокимият бўлиши айни муддоадир.
Халқимизнинг том манодаги адолат қарор топган жамиятда яшаш учун нафақат масъул шахслар, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши шарт. Бу фуқароларимизда ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти, маданияти шаклланишига ҳам боғлиқ. Чунки ҳар қандай қонунбузарлик содир этилишига, кўпайишига кўп ҳолларда фуқароларимизнинг бефарқлиги, лоқайдлиги сабаб бўлмоқда. Барчанинг якдиллиги, юрт тақдирига дахлдорлиги кучайиши ҳар қандай иллатнинг батамом барҳам топишига хизмат қилади.
Қ. АНАРБОЕВ,
Чирчиқ ҳарбий прокурори.
