Ёхуд “Тошкент сувтаъминот” МЧЖ Зангиота тумани филиали раҳбарлари нимадан норози?
Сувга, тағин тоза ичимлик сувига “резина ичак” улаб, кўчани “бўктириб” “суғораётганлар”, томорқасига оқизаётганлар, жўмракни шариллатиб очиб, имиллаб идиш-товоқ юваётганлар, уйларидаги тонналаб сув кетадиган бассейнларни ҳар икки кунда алмаштириб турадиганлар, ҳаммомидаги душни беармон оқизиб чўмиладиганлар, машина ювиш шахобчаларидаги автомобилларни роса кўпиртириб юваётганлар…
Эҳ-ҳе, бу каби турли мақсадларда ишлатиладиган сувларнинг охири кўринмайди. Сувни бу каби исроф қилаётганлар, бир зум тўхтанг! Қуйидаги фактларга эътибор қаратинг. Зора, мудроқ кўзларингиз очилиб, сувга бўлган беписанд муносабатларингизни ўзгартирсангиз. Тағин билмадик… Лекин бир нарсани унутманг, сизнинг исрофгарчиликларингиз жабрини бир кун келиб авлодларингиз тортиши мумкин… Халқаро метеорология ташкилотининг ҳисоб-китобига кўра, 2050 йилга бориб Ер юзи аҳолисининг 5 миллиарди етарли даражадаги ичимлик сувидан бебаҳра қолиши мумкин. Охирги 20 йилда ичимлик суви заҳираси ҳар йили бир сантиметрга пасайиб бормоқда. Бунда ёғингарчилик, ер ости ва ер усти сувлари, музликларни қўшиб ҳисоблаш ҳам киради. Қурғоқчиликнинг давомийлиги охирги 20 йилда 29 фоизга ошган.
Афсуски, бундай танқисликлар бизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Бунга биринчи навбатда Орол фожиасини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Бу вазиятдан чиқиш учун давлатимизда катта ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида: “Ҳозирги вақтда дунёда кескин экологик вазият кузатилмоқда. Сайёрамиз миқёсида учта инқироз, яъни, иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучаймоқда.
Кейинги 30 йилда минтақамизда ҳаво ҳарорати бир ярим градусга кўтарилди. Бу – дунёдаги ўртача исишдан икки карра кўпдир. Оқибатда музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди. Ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин йигирма йилда минтақамиздаги иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин. Жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши кутилмоқда. Агар ўз вақтида таъсирчан чораларни кўрмасак, ушбу муаммолар оқибатлари минтақамиздаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликка жиддий путур етказади.
Бу вазиятдан келиб чиққан ҳолда, биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилишини қўллаб-қувватлаймиз. Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш жараёнида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – сув ресурслари” механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни жалб этиш ва татбиқ қилиш тарафдоримиз”, дея таъкидлади. Муаммони ижобий ҳал этиш учун давлатимиз томонидан жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Лекин бунга биз ўз улушимизни қай даражада қўшаяпмиз? Бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрадиган вақт келмадимикан? Қачон сувни арзон деб истаганча бўлар-бўлмасга ишлатишдан тийилар эканмиз?
Яқинда интернетда сув билан боғлиқ фактларга кўзим тушди. Республика бўйича бугунги кунда ўртача тарифлар учун бир тонна сув 1 минг 384 сўмни ташкил этади. Туманимизда бу кўрсаткич 1700 сўм (ошган нархи). Эътибор беринг-а, сиз бир тонна сув учун тўлайдиган суммага дўкондан бир литр тозаланган сув ҳам ололмайсиз (аввалги нархда бир стакан сув ҳам бермасди). Ваҳоланки, ўша сиз исроф қилиш билан овора бўлган бир тонна сув ҳам сиз турли чиқиндиларни ташлаган, ҳаммому ошхоналарингиз, тадбиркорлик ишхонангиз оқаваларини оқизган, “чиқиндилар билан бойитилган” сувдан шундоққина олиб, узатилмайди, балки тоза “қулоқ боши”дан олиниб, бир неча “чиғириқдан” ўтказилиб, тозалангач, истеъмолчиларга жўнатилади. Бунинг учун қанчадан-қанча ишчи кучи, техника, ёқилғи, зарарсизлантирувчи воситалар ва бошқалар керак бўлади.
Бир тонна тоза сув олиш учун қанчалик кўп ҳаракату харажат кетишига гумон қилсангиз, Қибрайдаги “Қодирия” сув тозалаш иншоотига боринг. Ўз кўзингиз билан кўриб, бунга ишонч ҳосил қиласиз ва сувни тежашни ўрганасиз. Бу сув иншооти давлатимизнинг аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ғамхўрлиги, ҳаракатлари орқасидан жуда катта маблағлар эвазига бунёд этилган. Бунинг олдида сизнинг фойдаланилган сув учун тўлайдиган маблағингиз дарёдан томчи. Лекин айрим одамлар “сув текин” бўлган сувнинг маблағини тўлашга келганда, суви ёқадию, тўлови чақади. Ойлаб, йиллаб тўлашдан бўйин товлаб, қарзлари “тома-тома” кўл бўлади.
Туманимизда тоза ичимлик суви билан шуғулланадиган ташкилотлар иккита – “Тошкент сувтаъминот” МЧЖнинг туман филиали ва “Мусаффо обиҳаёт” масъулияти чекланган жамияти. “Тошкент сувтаъминот” МЧЖнинг туман филиалидан берилган маълумотларга кўра, улар тумандаги 33 та маҳалла ҳамда корхона, ташкилотларга хизмат кўрсатишади. Мазкур истеъмолчиларнинг сувдан қарздорлиги бугунги кунга келиб 6,5 миллиард сўмга яқинлашиб қолган (қарздорлик кўрсаткичи “Мусаффо обиҳаёт” МЧЖда ҳам юқори).
Ҳисобот ойининг якунларига кўра, энг катта қарздорлик “Аччисой” маҳалласида қайд этилган бўлиб, 577 та абонентнинг қарзи 573 миллион сўмдан ошиб кетган. “Қуёшли” маҳалласидаги 442 та абонентнинг қарзи 538 миллион сўмдан ошиқни ташкил этмоқда. “Саховат” маҳалласида 403 та абонентнинг қарздорлиги 291 миллион, “Ўрикзор” маҳалласидаги 316 та абонентнинг қарздорлиги 350 миллион, “Ўртаовул” маҳалласидаги 184 та абонентнинг қарздорлиги 227 миллион сўмдан юқори. Бу каби қарздорлик ботқоғига ботиб қолган маҳаллалар рўйхатини яна давом эттириш мумкин…
Шу фактларнинг ўзиёқ одамларнинг тириклигимизнинг асосий манбаи ҳисобланган сувга бўлган беписанд муносабатини кўрсатиб турибди. Аҳолининг фойдаланаётган тоза ичимлик сувига тўлаётган ҳақи шунчалик озки, бу ҳам бўлса давлатимизнинг инсон омилига қаратаётган катта эътибори ва ғамхўрлиги эканлигини, афсуси, кўпчилик унутиб қўймоқда. “Тошкент сувтаъминот” МЧЖ Зангиота тумани филиали раҳбарларини қийнаётган муаммо ҳам ана шу.
– Ҳудуддаги 11 минг 607 та абонентнинг 6 минг 817 тасида дебитор қарздорлик мавжуд, – дейди филиал раҳбари Ғайрат Розиқов. – Айни кунларда ушбу қарздорликларни бартараф этиш учун махсус гуруҳ тузилган бўлиб, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз. Бунда бизга фаоллар янада яқиндан ёрдам беришса яхши бўларди. Ўз вақтида амалга оширилган тўлов аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини янада ошириш, ичимлик суви таъминотининг бир маромда тақсимланиши, марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш қамровининг янада кенгайишига олиб келади. Қолаверса, барчамизнинг ичимлик сувидан оқилона фойдаланишимиз ва тўловларни ўз вақтида амалга оширишимиз ташкилот моддий техник базасининг яхшиланиши ҳамда соҳада меҳнат қилаётган ходимлар ойлик маошларининг ўз вақтида етказилишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шундай экан истеъмолчиларимиздан бепарволикка берилмай, фойдаланилган сув ҳақини ўз вақтида тўлашларини сўраб қолар эдик.
Ҳа, бу борада ортиқча изоҳга ҳожат йўқ, фақат бир нарсани айтиб ўтмоқчимиз холос: сувни исроф қилмасликни ўрганинг, ер юзида 2 миллиарддан ортиқ одам сув танқислиги бўлган давлатларда яшаётганлигини, миллион-миллион одам ичишга яроқсиз сувдан фойдаланаётганлигини ёддан чиқарманг!
Жамила АРСЛОНОВА.
