Туман кенгашининг сессияси

Туман кенгашининг сессияси

Халқ депутатлари Зангиота тумани кенгашининг олтинчи чақириқ 55 сессия­си ўтказилди. Сессияда Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари, бўлимлар бош­лиқлари, мутасаддилар иштирок этди. Кун тартибидаги “Туманда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш ишларининг ижроси”, “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бў­йича туманда олиб борилаётган ишлар ҳисоботи” масалалари юзасидан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Бердиевнинг ахбороти тингланди.

Шунингдек, “Ёшлар бандлигини таъминлаш дастури ҳамда давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган, кўмакка муҳтож бўлган тумандаги ёшлар билан индивидуал ишлашни ташкил этиш бўйича йўл харитасини тасдиқлаш” масаласи юзасидан туман ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Сирожиддин Носиров, туманда II чорак якунига янги иш ўринлари яратилиши, аҳоли бандлигини таъминлаш, тармоқлар кесимида кўрсаткичлар ҳисоботи бўйича туман Бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи Шодияхон Умархўжаева, Халқ қабулхонаси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўрганилганлиги ҳамда ҳоким ёрдамчилари ­фаолиятидаги салбий ҳолатлар тўғрисида туман Халқ қабулхонаси мудири Юлдуз Мирзаеванинг маърузалари тинг­ланди.

“Сектор раҳбарларининг секторларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш бўйича қилинган ишлар ҳисоботи ва II ярим йилга “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш тўғрисида” тўртта сектор раҳбарларининг ҳисоботи тақдим этилди.

Шунингдек, сессияда туман ҳудудларидаги айрим фермер хўжалиги ер майдонларидан самарасиз фойдаланилганлиги тўғрисида, “Bek Baraka Ixtisoslashgan savdo kompleksi” масъ­улияти чекланган жамияти томонидан бажарилган ишлар юзасидан ҳисоботи, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди қошидаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси фонди маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам ажратиш, Олий Мажлис Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси фаолиятини янада такомиллаштириш, Халқ депутатлари Зангиота тумани кенгашининг намунавий регламентига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, муҳокама қилинди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.