Халқимиз азалдан орасталик, саришталикка катта эътибор бериб келади. Бунинг рамзий белгиси сифатида ҳар тонг остонамиз олдининг супурилиб, сув сепилишида кўришимиз, қолаверса, миллийлигимизнинг ўрнак бўладиган жиҳатлари давом этиб келаётганлигида кўришимиз мумкин.
Лекин, ҳозир гап кўнгилни хира қиладиган жиҳатлардан бири бўлган жойлардаги баъзи мутасаддиларимизнинг атроф саришталигига панжа ортидан қараб, эътиборсиз бўлиб келаётганлиги хусусида. Хизмат юзасидан туманимиз маҳаллаларида бўламиз. Катта кўчаларнинг озодалиги, кўплаб ижтимоий объектлар, хусусан, таълим муассасалари ҳудудидаги саришталиклар кишига ўзгача кайфият улашади, албатта. Лекин…
Шу кунларда “Назарбек” ҳудудидаги 10-бошланғич мактаб томон борсангиз, муассасага кириш олдида тўпланган бир уюм маиший чиқиндилар ҳар қандай киши дилини хира қилмай қолмайди. Бунинг боисини билиш мақсадида кўчадан ўтиб кетаётган фуқароларга юзланганимизда улар бу ҳолат анчадан буён давом этаётганлигини, яқин ўртада жойлашган савдо-маиший дўконлари ва тамаддихоналар эгалари ўз чиқиндиларини тунда “ташлаб кетаётганликлари”ни иддао қилди.
Мактаб раҳбари билан суҳбатимиз чоғида унинг қайд этишича, мактабга кузатув камераси ўрнатилганлигини, лекин афсуски, тунги вақтда айнан қайси фуқароларнинг ахлат ташлаб кетаётганлигини аниқлаш имкони бўлмаётганлигини айтди. Дарҳақиқат, тўпланган чиқиндилар асосан хонадонларга эмас, балки тамаддихона ва дўконлардан чиққан полиэтилен ва қоғоз қадоқлардан иборат чиқиндилар эканлигини кўриш мумкин.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: тозаликка эътиборли бўлиш ҳақида фарзандларимизга ҳар қанча ўргатиб, уқтирмайлик, афсуски, биз катталар бу каби ножўя ишларимиз билан уларга қай даражада ўрнак бўлишимиз мумкин?.. Мурғак қалблар теварак-атрофларида озодаликни, ажиб ҳид таратиб, гўзаллик улашувчи анвойи гулларни эмас, бу каби салбий манзараларни кўриб қандай хулоса қилишар экан?
Зеро, олдимизда кўклам нафаси эшик қоқмоқда. Ахир кунлар исиши билан тўпланиб ётган ушбу чиқиндилардан зарарли ҳидлар таралиб, мактабдан қайтаётган болалар соғлиғига путур етказмайди деб, ким кафолат бера олади… Ўйлаймизки, ҳудуд тозалигига масъул мутасаддиларимиз бу ҳолатдан тегишли хулоса чиқариб, муаммони ўз вақтида бартараф этишади. Таҳририят бу борада мутасадди ташкилотлардан тегишли жавоб кутиб қолади.
Ҳасан САЪДУЛЛАЕВ.
