Туман ҳокимлиги томонидан ички туризмни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш шароитини яхшилаш, янги иш ўринларини ташкил этиш, ишлаб чиқариш ва экспортни кўпайтириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар билан республика оммавий ахборот воситалари ҳамда телевидениеда фаолият юритаётган журналистларни яқиндан таништириш мақсадида навбатдаги пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Ўзбекистон Халқ устаси, академик, моҳир ҳунарманд Сирожиддин Раҳматуллаев ташкил этган ҳунармандлар галереясида бўлдилар. 70 дан зиёд экспонат жой олган мазкур галерея журналистларни ўзига ром этди-қўйди. Мўъжаз нақшлардан ташқари садаф доналари билан безатилган стол-стуллар, терига ишланган миниатюра асарлари, шоҳона супаю турли кўринишдаги лавҳ, сандиқ ва сандиқчаларнинг ҳар бирининг кўриниши, уларнинг яратилиш тарихи қалам аҳлининг эътиборини тортди.
Халқ устаси ҳар бир асар ҳақида маълумот берар экан, ўз устозидан олаётган ўгитлари, шу билан бирга ўзининг ҳам юздан зиёд шогирдлари, уларнинг эришаётган муваффақиятлари, устоз-шогирд анъанаси асосида амалга ошираётган кенг кўламдаги ишлари ҳақида тўлқинланиб сўзлади. Юртимизда ҳунармандларга яратиб берилаётган кенг имконият ва шароитларни алоҳида эътироф этди. Оддий ёғоч усталар қўлида санъат асарига айланаётгани жараёнлари ҳам кузатувчиларда катта таассурот қолдирди.

Пресс-тур иштирокчиларининг кейинги манзили туман марказидаги 14-Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби бўлди. Саховатпеша-ҳомий томонидан капитал таъмирдан чиқарилиб, қўшимча 690 ўринли беш қаватдан иборат янги бино қуриб бериб, ишга туширилган мазкур билим даргоҳи билан яқиндан танишар эканлар, журналистлар эътиборни таълим сифати ҳамда ўқувчиларни бирор касбга йўналтирилаётганига қаратдилар. Мактабда бугунги кунда ўндан зиёд фан ва спорт тўгараклари фаолият олиб бораётган бўлса, уларга мингдан зиёд ўқувчи қамраб олинган.
Президентимиз раислигида жорий йилнинг 20 январида бўлиб ўтган мактабларда хорижий тиллар ва касбга ўргатиш тизимини ривожлантириш мавзусидаги кенгайтирилган йиғилишда белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси борасида олиб борилаётган ишлар ҳам эътибордан четда қолмади. Иштирокчиларнинг эътиборини мактабда очилган ҳунармандчилик тўгараклари тортди. Шулардан бири ёғоч ўймакорлиги тўгарагидир.

– Ёғоч ўймакорлиги қадимий, илдизлари мозийга туташ ҳунарлардан, – дейди ёғоч ўймакорлиги тўгараги раҳбари Суннатилла Рихситиллаев. – Ўқувчиларга амалий санъат сирларини ўргатиш асносида мазкур ҳунарнинг тарихи, касби ортидан барака топиб, элда машҳур бўлган усталар, булардан ташқари ҳар бир яратиладиган асарнинг, нақшнинг тарихини тушунтириб, уларни касбга йўналтираман. Туманда ёғоч ўймакорлиги ҳунарини эгаллаган ва эгаллаётган шогирдларимиз талайгина. Улар шу йўналишдаги танловларда ҳам муваффақиятли иштирок этиб ғолибликни қўлга киритиб келмоқдалар.
Мактабда қизларга бичиш-тикиш сирларини ўргатиб келаётган Муҳайё Эгамбердиеванинг ҳам тикувчиликни ихтиёр этган шогирдлари талайгина. Муҳайё Эгамбердиева эса, қизларга тикиш-бичиш ҳар бир қизнинг қўлидан келиши шартлигини уқтиради. Касбнинг нозик қирраларигача ўргатишдан эринмайди.

Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили “Зангиота зам-зам” сиҳатгоҳи бўлди. Сиҳатгоҳ бу ердан чиққан минералларга бой бўлган суви билан машҳур. 70 га яқин муолажалар амалга ошириладиган, 150 ўринга мўлжалланган мазкур сиҳатгоҳдан қишин-ёзин дам олувчилар аримайди. Сиҳатгоҳ бош шифокори Олим Мангитов журналистларни сиҳатгоҳ билан таништирар экан, табиий шифобахш сувининг таркиби, унинг қандай касалликларга даво бўлиши ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди. Дам олиб даволаниш мақсадида нафақат юртимиз фуқаролари, балки қўшни Тожикистон, Қозоғистон, Россия, Германиядан ҳам шифо истаб келувчилар кўпчиликни ташкил этаётганини таъкидлади.


– Дам олувчиларимизнинг муолажалардан кейинги вақтлари унумли, фойдали ўтиши учун уларни юртимизнинг диққатга сазовор жойларига экскурсияга олиб чиқамиз, – дейди Олим Мангитов, – Келувчиларнинг ҳеч бири Занги ота мажмуасини зиёрат қилмай кетмайди… Дарвоқе, шу куни пресс-тур иштирокчилари ҳам Занги ота зиёратгоҳини зиёрат қилиш билан ишларини якунладилар.
– Зангиота туманига ҳар келганимда ўзим учун нимадир янгилик оламан, туманнинг салоҳиятига тасаннолар айтаман, бизга шароит яратиб бераётган туман ҳокимлигига эса миннатдорчилик билдираман, – дейди вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати маркази ходими Асқар Исмоилов.

Тумандаги дунё билан бўйлашаётган корхоналар, қўшма корхоналар, кундан-кунга обод бўлиб чирой очиб бораётган маҳаллалар, айниқса, Занги ота зиёратгоҳининг етти иқлимга машҳурлиги бу ерга ташриф буюраётган туристларнинг кундан-кунга сафи ортиб бораётганидан ҳам илғаш қийин эмас. Пресс-тур давомида кўрганларимиздан хулосамиз шуки, юрти, тумани равнақи йўлида ўз ҳиссамни қўшсам дея меҳнат қилаётган зангиоталикларга ҳавасимиз келди, Оммавий ахборот воситалари орқали туман салоҳиятини мунтазам ёритиб боришни давом эттирамиз.
Дилбар ШАРИПОВА.
Абдуқодир МУСЛИМОВ
олган суратлар.
