Биров эшикни бекорга тақиллатмайди

Биров эшикни бекорга тақиллатмайди

Биров бирорта идоранинг эшигини бекорга тақиллатмайди. Демак, қайсидир идоранинг ишидан кўнгли тўлмаган ёки ишини битириб бермай, сарсон қилишган. Ёки бўлмаса, тўғри маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатишмаган. Бизга кўпинча ана шундай фуқаролар мурожаат этишади. Иложи борича уларнинг муаммоларини ҳал этиб беришга ҳаракат қиламиз. Лекин шундай мурожаатлар ҳам бўладики, уни ҳал этиш катта маблағга бориб тақалади. Бундай пайтларда мурожаатчига тўғри йўл-йўриқ кўрсатамиз. Чунки бизнинг идорадан ҳеч ким норози бўлиб чиқиб кетиши керак эмас.
Ўтган йилги мурожаатларни таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг аксарияти арзонлаштирилган уй-жой олиш, кадастр, архитектура хизматлари, алимент ундиришдаги сансалорликлар, моддий ёрдам кераклиги ҳақидаги аризалардир. Ҳар бир аризага унинг ортида инсон турганлигини ҳис этган ҳолда ёндашамиз.

Мени бир нарса – айрим мутасаддиларнинг ўз ишларига, фуқароларнинг мурожаатларига совуққонлик билан қараши ўйлантиради. Агар улар ҳар мурожаатни ўз вақтида ҳал этганларида эди, юқори идораларга кетаётган аризалар сони кескин камайган бўлар эди. Аслида ҳар бир раҳбар аризачи ўрнига ўзини қўйган ҳолда ҳаракат қилса, норозиликлар барҳам топади. Идорамизга ҳар куни камида 5 нафар фуқаро турли масалалар бўйича келади. Улар билан мулоқотдан сўнг қайсидир ҳудудга йўл оламан. Чунки “маҳаллабай” тизими бўйича ишлашим керак. Маҳалладаги “бешлик”нинг амалга оширган ишлари бўйича ҳужжатларини ўрганиб чиққач, албатта, кўча кезаман, кам таъминланган оилаларда бўламан.

“Аёллар”, “Ёшлар” дафтарларидаги хотин-қизлар ва ёшларга қандай ёрдам кўрсатилганлигини ўз кўзим билан кўрмагунимча кўнглим тинчимайди. Ўтган бир йил ичида ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси маҳалла оқсоқолининг энг яқин кўмакчисига айланганини кўриб мамнун бўламан. Жойларда иш кетаяпти, бунинг натижасини эса Президентимиз яқинда бўлиб ўтган йиғилишда таъкидлаганларидек, 2022 йил якунига кўра, камбағаллик даражаси ўтган йилга нисбатан 3 фоизга камайиб, 14 фоизни ташкил этганлиги мисолида кўриш мумкин.

Аҳолининг яшаш шароити қанчалик яхши бўлса, шикоятлар сони ҳам шунчалик камайиши бор гап. Сабаби аҳолидан тушаётган шикоятларнинг асосий қисмини тоза ичимлик суви таъминоти, кўчаларни асфальт қилиш, электр таъминоти, уй-жой масалалари ташкил этади. Кейинги йилларда республикамиз бўйича амалга оширилаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида кўплаб маҳаллалар обод ва кўркам бўлди, аҳолининг турмуш шароити яхшиланди. Шу кунларда “Оққўрғон намунаси” деган гап-сўзлар қулоғимизга тез-тез чалинаяпти. Бу, туманлардаги шароити оғир ҳудудлардаги маҳаллаларнинг қиёфаси ва аҳолининг яшаш шароитини тубдан ўзгартирадиган ҳаракат.

Туманимизда ҳам чекка қишлоқлардан бири бўлган “Балиқчи” маҳалласи танлаб олиниб, бу борадаги ишлар бошлаб юборилди. Ўзига барча соҳа раҳбарларини жамлаган 28 кишидан иборат бўлган ишчи гуруҳи бир ҳафта маҳаллани обдон ўрганишди: неча километр йўлни асфальтлаш, йўлакчалар ётқизиш керак, бетонлисига алмаштирилиши керак бўлган симёғочлар қанча? Маҳаллага кираверишга арка ўрнатиш, мактабгача таълим ташкилоти, мактабга ўйингоҳ, маҳалла идораси, кўчаларга замонавий бекатлар қуриш, сув қувурлари тортиш каби кўплаб ишлар амалга оширилиши режалаштирилди. Бу ишлар амалга ошса, маҳалладаги 2 минг 460 фуқародан иборат бўлган 673 та оиланинг ҳаёт тарзи мутлақо ўзгача кўриниш касб этади.

Ҳар бир хонадоннинг яшаш шароитлари чуқур ўрганилди, кимларга қандай ёрдам кераклиги аниқланди. Ўртага биринчи навбатда аҳолининг барчасини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш таклифи ташланди.
Хуллас, “Балиқчи” катта ўзгаришлар арафасида. Бу эса аҳолидан янада ҳамжиҳат бўлиб, бу хайрли ишга бош қўшиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида фаол бўлишларини талаб этади.
Бошланаётган хайрли ишларни назардан ўтказиб, ишхонамга қайтаман. Қабулим бошланади…

Юлдуз МИРЗАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Зангиота тумани Халқ қабулхонаси мудири.