Маҳмуд ака оқсоқол бўлиб сайланибдики, уйқусида ҳаловат йўқ: тунда бир неча бор уйғониб кетади, якунланган кунда амалга оширган ишларини қайта-қайта таҳлил қилади, улгуролмай қолган ишлари дилига ғашлик солади, уларни тезроқ бажариш, кимларга мурожаат қилиш, нималарни гапириш ҳақида ўйлайди, эртанги ишларининг режасини тузади.
Ўша тунда ҳам шундай бўлди: ярим кечада уйқуси ўчиб кетди. Тўнига ўраниб, ҳовлига чиқди. Қор бўралаб ёғаётганди. Кечагина қорайиб турган борлиқ бугун буткул оқ кўрпага ўранганди. Хаёллари ўтмишга судради. Ўтган умри давомида бундай қишларнинг қанчасини кўрди. Қанча қишлар қорсиз баҳорга уланди. “Қорда ҳосият катта, – дея ўйлади у. – Ота-боболаримиз билиб айтишган, қор ерга мадор бўлади, тўйинтиради, мўл ҳосилнинг калитларидан бири у. Бу йил баракали келсин, хирмонларимиз юксалсин.
У шуларни ўйларкан, ердан бир ҳовуч қор олиб кафтлари орасида ишқалади. Қорлар қуруқлиги сабабли бир-бирига ёпишмади. “Қордан кейинги совуққа тайёр туришимиз керак, – дея хаёлидан ўтказди. – Эртага эрталаб мачитга чиқиб чоллар билан маслаҳатлашиб олишим керак”.
Маҳмуд аканинг ўйлагани бўлди: қор ўзининг ажабтовур совуқлари билан келди, газ босими пасайди, айрим жойларда сув қувурлари музлаб, сув келмай қўйди, йўллар яхмалакка айланди, мактаб, боғча болалари уйдан чиқолмай қолди.

– Вазият жиддий, биз ҳали бундай совуққа деярли тайёр эмас эканмиз, – деди оқсоқол маҳалланинг ёши улуғлари билан учрашганда. – Аҳолимиз анча қийналиб қоладиган кўринади.
– Бундай қишни энди кўрибмизми, иним, – деди отахонлардан бири, – газимиз липиллаб турса ҳам бир амаллаб чой қайнатса бўлади. Қадимгидек овқатни ўчоқда пишираверамиз. Бу кунлар тезда ўтиб кетади, биздан талаб қилинадигани сабр. Буни бошқаларга ҳам айтиш керак. Тағин кимдир шошқалоқлик қилиб ҳаммаёққа “жар” солиб юрмасин, уят бўлади-я…
Шундай қилиб маҳалла отахонлари Маҳмуд аканинг ёнига киришди, ёшларга турмушнинг қийинчиликлари ҳам бўлишини тушунтиришди. Оқсоқолнинг ўзи ёнига хотин-қизлар фаоли Муқаддам Орипова, ҳоким ёрдамчиси Асқар Тошхўжаев, ёшлар етакчиси Шаҳзод Бўронов, профилактика инспектори Саиджалолхўжа Файзихўжаевни олиб, кунни кун, тунни тун демай хонадон кезди. Биринчи навбатда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ногиронларнинг ҳолидан хабар олиб, беминнат ёрдам кўрсатишди. Шу тариқа маҳалладан тиқ этган товуш ташқарига чиқмади.

Маҳаллада бир тадбиркор бор, исмини ошкор қилишни хоҳламаган ҳолда ҳар ойда ёғ, гўшт беради. Маҳалла оқсоқоли фаолларни ёнига олиб, эҳтиёжманд оиланинг ҳар бирига (жами 25-30 та оила) 3 килограммдан ёғ, 2 килограммдан гўшт тарқатиб чиқади. Шаҳарлик саховатли инсон томонидан берилган автоматик тарзда бошқариладиган аравачани Дилором опа Акбаровага олиб бориб бераркан, у аёлдан ҳам кўпроқ Маҳмуд аканинг ўзи севинди. Негаки, бир муҳтож аёлнинг кўнглини кўтаришдан улуғ савоб бўлмаса керак. Аномал совуқда маҳалла аҳли бир-бирига елкадош бўлди, қўни-қўшнилар бир-биридан қўлган келган ёрдамини аямади. Бозорда ишлайдиган тадбиркорлардан бири “қийналган оилаларга берарсизлар”, деб 5 та электр иситкич ташлаб кетди. Маҳмуд ака бу иситкичларга туман ҳокимлигидан берилган 3 та иситкични қўшиб, эҳтиёжманд оилаларга тарқатди.
Мана кунлар ҳам илимоқда, газ босими ҳам кўтарилди, кечаги совуқ кунлар ортда қолди. Маҳалла аҳлининг қишдан юзи ёруғ бўлиб чиқмоқда, негаки, ҳеч ким газ босими паст, электр токи вақт-бевақт ўчмоқда, дея ҳадеб нолийвермасдан, вазиятни тўғри тушуниб, сабр билан яшади.
Маҳмуд ака буни мамнуният билан таъкидларкан: “Қўлга киритаётган барча ютуқларимиз “бешлик”нинг бирдамлигида”, – дейишни ҳам унутмади. Чунки маҳаллада “у сенинг ишинг, бу менинг ишим”, деган нарсанинг ўзи йўқ, қандай муаммо бўлса, биргаликда ҳал этишади. Сўзимизнинг исботи учун фактларга мурожаат этсак.

Ўтган бир йил ичида маҳаллада амалга оширилган ишлар анча салмоқли. 159 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. 50 нафар фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. 15 нафар фуқаро тадбиркорликка жалб этилди. 25 та эҳтиёжманд оилага турли манбалардан ижтимоий ёрдам кўрсатилди. 15 нафар аёлга тикув машиналари олиб берилди. Янада аҳамиятлиси, ажрим ёқасига келиб қолган 7 та оила яраштирилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги 7 нафар йигитнинг сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмати тўлови, бир нафар талабанинг ўқиш шартномаси пулининг тўланишига кўмаклашилди. Ёшларга 4 та миникультиватор, бир нафар ёшга ноутбук, 6 нафар ёшга моддий ёрдам, бир нафар ёшга телефон тузатадиган вакум аппарати берилди. 12 нафар фуқарога деҳқончилик қилиб, қўшимча даромад олишлари учун ер ажратиб берилди, шундан уч нафари аёллар. Бу каби эзгу ишларни яна давом эттириш мумкин.
Яқинда 34-мактабда маҳалла аҳли иштирокида йиғилиш бўлди. Унда сўзга чиққан Маҳмуд ака аҳолига “ташаббусли бюджет” ҳақида тушунча берди. “Электр тармоғи ва таъминотини яхшилаш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири, – деди у. – Янги кабель тортиш керак. Хуллас, бу йил “ташаббусли бюджет”да қатнашиб, ютсак бу режаларимиз амалга ошади. Бунинг учун сизлардан фаоллик талаб этилади. Кўп овоз йиғсак, ғолиб чиқамиз”.

Оқсоқолнинг таклифи барчага маъқул тушди. Энди маҳалла аҳли “ташаббусли бюджет” нима эканлигини яхши билиб олишди.
– Яна бир гап, – деди оқсоқол. – Бизга тоза ичимли суви учун 850 миллион сўм маблағ ажратилди. 3 километру 700 метрга сув қувурлари тортамиз. Бу иш февралдан бошланади. Ҳамма қарсак чалиб юборди…
– Оқсоқоллик фаолиятим давомида иккита оғир даврни бошимдан ўтказдим, – дейди Маҳмуд ака Турғунов. – Биринчиси, карантин пайти. Ўшанда ҳам куну тун барча хонадонларни қайта-қайта айланганмиз, кўчама-кўча юриб карнайда аҳолини уйдан чиқмасликка чақирганмиз, қийналган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатганмиз. Иккинчиси, бу йилги аномал совуқ. Бундан ҳам эсон-омон чиқиб олдик.
…Мақоламизга сарлавҳани бежиз “Тўн кийган оқсоқол”, деб қўймадик. Маҳмуд ака қишни одатдагидек тўнда чиқармоқда. Ҳарҳолда ота-бобомиздан қолган русумда, тўннинг иссиқлигига нима етсин. Шу сабабли ҳам Маҳмуд ака қишнинг қаҳратонида ҳар бир оила эшиги олдида тўн кийган ҳолда пайдо бўлди. Тўн бор жойда эса миллийлигимиз, меҳр-оқибат, мурувват, инсонийлик бор…
Жамила АРСЛОНОВА.
