Маҳалла – давлатнинг замини

Маҳалла – давлатнинг замини

“Маҳалла халқ билан давлат ўртасидаги кўприк бўлиши керак. Одамларнинг қувончу ташвишидан доимо хабардор бўлиш маҳалланинг асосий вазифасидир”. Ўтган йил туманимиз маҳаллаларида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилар эканман, хаёлимдан давлатимиз раҳбарининг шу гаплари кечди: “Биз зиммамиздаги мана шундай катта масъулиятли ва шарафли вазифани қай даражада уддалаяпмиз?..”

Ўтган йил маҳаллалар ҳаётига катта ўзгаришлар олиб кирди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг ёнида иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари “беш­лик”ка айланиб, ҳамкорликда ўз ҳудудларида кўплаб хайрли ишларни амалга оширдилар. Йил якунланишидан олдин барча маҳаллаларда “бешлик” ҳамда ҳудуддаги мактаб директорлари, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар раҳбарларининг аҳоли олдида берган ҳисоботларида қатнашар эканман, ютуқлардан қувондим ва ҳали олдимизда янада улкан вазифалар турганлигини ҳис этдим.

Маҳалланинг обод бўлиши, жиноятлар содир этилмаслиги, қўшниларнинг аҳил-иноқлиги бир пайтлардагидек “бир фарзандга етти қўшни ота-она” деган энг яхши удумларимизнинг боқийлигини таъминлашда деб биламан. Биринчи навбатда олдимизга ана шу эзгу мақсадни қўйган ҳолда ҳаракат қилдик. Йил давомида маҳаллаларда “Оила маънавияти”, “Аҳил оила”, “Намунали оила”, “Оила – маънавий қадриятлар қўрғони”, “Бахтли оила – жамият таян­чи” деган мавзуда 285 дан ортиқ давра суҳбатлари, 165 та учрашвулар ўтказилди. Бу учрашувларга кўпроқ ёшлар қамраб олинди.

Кексалар ҳаёт йўли ҳар доим ёшларга ибрат мактаби бўлиб келган. Аслида халқимизнинг “Қариси бор уйнинг – париси бор” деган нақли ҳам ана шундай келиб чиққан бўлса не ажаб! Қолаверса, совчилар ҳам кўпроқ буви-буваси бор хонадондан келин қидиришади. Сабаби, қария­ларнинг қўлида тарбия топ­ган қиздан андишали, одобли келин чиқади. Шуларни эътиборга олиб маҳаллаларда уч авлод учрашувларини ташкил этдик, ёши катталарнинг ҳаётини ёшларга ибрат қилиб кўрсатдик. Бунга 12 мингдан ортиқ аҳолини қамраб олдик.

Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишга киришганмиз. Бунда эса ёшлар асосий куч ҳисобланиши шубҳасиз. Ёшлар ўртасидан ўтказилган 129 дан ортиқ давра суҳбатлари мавзуси “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Янги Ўзбекистон – янгича дунё­қараш”, “Ватанимиз тараққиёти учун барчамиз масъулмиз”, “Беш муҳим ташаббус – беш имкон” кабилар бўлди.

Туманимизда турли миллат вакиллари бир оила фарзандларидек тинч-тотув яшашмоқда. Уларнинг тўйлари ҳам, азалари ҳам ўртада. Ҳамкор ташкилотлар, миллий маданий марказлар билан биргаликда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, шукроналик, тинчлик каби эзгу мақсадларни ўзида мужассамлаштирган 36 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирларда турли миллат вакиллари фаол иштирок этишди.

Тараққиёт билим ва илм билан бўлади. Бунинг учун эса кўп ўқиш, ўрганиш керак. Айниқса, бадиий китоблар бу борада энг яқин кўмакчи ҳисобланади. Шу сабабли ҳам аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Тумандаги 73 та маҳалла қошида имкониятдан келиб чиқиб китоб жавонлари ташкил этилди. 12 дан ортиқ “Ёш китобхон”, “Китобхон оила”, “Энг яхши иншо” танловлари ва адабиёт ҳафталиклари ташкил этилди.

Барча таълим муассасалари билан маҳалла нуронийлари кен­гаши бошчилигида ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш мақсадида “Ўқишнинг эрта-кечи бўлмайди”, “Китоб менинг тақдиримда”, “Бирга китоб ўқиймиз”, “Учинчи Ренессансга китоб ва маърифат билан”, Фарзандимга китоб совға қиламан”, “Болага китоб беринг” шиори лойиҳалари доирасида аҳоли ўртасида 75 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

Фарзандларимиз тарбиясида муҳим ўрин тутадиган ёши улуғларимизга бўлган эътиборни ҳеч қачон сусайтирмаганмиз. “Кексалар ҳафталиги”, “Кексалар туризм ойлиги” муносабати билан Бўзсув ҳудуди нуронийлари учун тадбир ташкил этилди. Тадбир давомида кексалар “Бўзсув” ҳудудида жойлашган сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаб чиқаришга ихтисос­лашган “Melek Best Milk Agro” масъулияти чекланган жамияти корхонаси ҳудудидаги болалар от спорти клубида бўлдилар.

Кексаларнинг “Ғалаба боғи”, “Шон-шуҳрат музейи”, “Темурийлар давлат музейи”, Ўзбекистон Халқ устаси, академик Сирожиддин Раҳматиллаевнинг “Ёғоч ўйиш уста-шогирд мактаби” галереяси, “Янги миллий боғ”, “Янги Ўзбекистон боғи”, Қорақалпоғистон Рес­публикаси, Хоразм, Бухоро, Самарқанд вилоятларига саёҳати, “Бир пиёла чой устида ширин суҳбатлар” мавзусидаги дийдорлашув тадбирлари ёши улуғларнинг кўнг­лини тоғдек кўтариб юборди. Пойтахтдаги театрлар ҳамда концертларга борган уч мингга яқин нуроний ва ногиронларнинг қувончи, айниқса, чексиз бўлди.

Бундай эътибор ва эъзозга жавобан фахрийларимиз ҳам “лаббай” дейишмоқда. Улар “Ҳар бир нуроний 10 нафар ёшга мураббий” тамойили асосида ёшларни Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга даҳлдорлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбия­лашга астойдил киришишди. Шундай қилиб 18-30 ёшгача бўлган 3 минг 287 нафар ёшга 365 нафар нуроний мураббий этиб бириктирилди. Ким қандай ютуқларга эришганлиги эса “Ҳар бир нуроний 10 нафар ёшга мураббий” кўрик-танловида яққол намоён бўлди. Танловда 1-ўрин “Эски қалъа” маҳалласидан Баҳодир Исхонбеков, 2-ўрин “Назарбек” маҳалласидан Баҳодир Ёқубов, 3-ўринлар “Нав­баҳор” маҳалласидан Рустам Мирсагатов, “Қаҳрамон” маҳалласидан Позилжон Алимовларга насиб этди. Танловнинг вилоят босқичида иштирок этган Баҳодир Исҳонбеков 2-ўринни қўлга киритиб қайтди.

Нуронийларимиз кўмагида 173 нафар ёш ишга жойлашди, 224 нафар ёш ҳунар ўрганиши учун мураббийларга бириктирилди, 112 нафар ёш ҳунарманд­чилик ўқув курсларида ўқитилди.

Шу ўриндла яна бир нарсани айтиб ўтмоқчиман, “Эшонгузар”, “Эркин”, “Эски қалъа”, “Назарбек”, “Саховат” маҳаллаларида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган оилаларнинг 55 нафар фарзандларининг суннат тўйлари ўтказиб берилди.

Ҳар бир хайрли ишда маҳалла оқсоқоллари бош-қош. Бу эса фуқароларнинг ҳамжиҳатлигини таъминламоқда. Ҳамжиҳатлик эса маҳалланинг гуллаб-яшнаши, аҳолининг турмуш даражаси ошишига хизмат қилмоқда. Айниқса, маҳалла ободлиги йўлида ҳомийлар ва саховатли инсонларнинг мадади катта бўлмоқда.

Ўтган йили маҳаллаларда фаолларнинг ташаббуси билан 12 минг 580 метр асфальтлаш, 19 минг 932 метр сув қувурлари тортиш, 8 минг 662 метр газ қувурлари тортиш ишлари амалга оширилганлигининг ўзиёқ фуқароларимизнинг ўз ҳудудлари шароитларини яхшилашдаги бирдамлигини кўрсатиб турибди.

Маҳалла – катта бир оила. Унинг ўзига яраша қувончлари билан бир қаторда ташвиш­лари, муаммолари ҳам бор. Маҳалла фуқаролар йиғинлари эса бу борада уларнинг ёнида суянчиқ бўлиб, ўз ҳудудларининг ҳар томонлама намунали бўлиши учун жой куйдиришмоқда.

Шодия УМАРХЎЖАЕВА,
туман Маҳалла ва нуронийларни
қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи.