Ёшларимиз эьтибордан четда эмас

Ёшларимиз эьтибордан четда эмас

Бугунги кунда мамлакатимиз келажаги бўлмиш ёшларимизни ҳар томонлама етук, билимли, салоҳиятли шахс, комил инсон сифатида тарбиялаш масаласига ўзига хос тарзда, замонавий усуллар асосида ёндашилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг учун маҳалла ёшларига амалий кўмаклар бериб келаётган ёшлар етакчиларининг ўрни ва аҳамияти катта бўлмоқда.

Ушбу сонда шижоатли ёшлар етакчиларидан – “Боғзор” маҳалласи ёшлар етакчиси Шоҳсанам Мелиқўзиева фаолияти ҳақида.

Бундан бир йил муқаддам республикамиздаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Бундан кўзланган пировард мақсад – Янги Ўзбекистонда “Инсон қад­ри учун” тамойили асосида ёшларнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, ўз истеъдоди ва қобилиятини рўёбга чиқариши, меҳнат билан банд бўлишида маҳалланинг ўрни ва нуфузини ошириш, оддий қилиб айтганда, ёшлар ўзлари дуч келган ҳар қандай масалада ёрдамни узоққа бормай, маҳалланинг ўзида топа олишига эришишдан иборат.

Тан олиш керак, илгарилари аксарият маҳаллаларда раислар ва уларнинг маслаҳатчилари турли масалаларга оид ҳисоботларни тайёрлаш билан чекланиб қолиши оқибатида ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш кейинги даражага тушиб қолганига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшлар етакчилари лавозимининг жорий этилиши, биринчидан, “тенгдош – тенгдош­га” тамойили асосида юзага келадиган масалаларни тизимли ҳал этишда ёшлар иштирокини янада кучайтиради. Иккинчидан эса, маҳалла тизими ходимларининг ўз хизмат лавозимига кирмайдиган топшириқлар, ортиқча юкламалардан ҳалос этади.

Эндиликда ёшлар етакчилари ўз маҳаллаларида “Ёшлар баланси”ни шакл­лантириш, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб бориш, улар билан самарали ишлаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ижтимоий фаолликларини ошириш, иқтидор, истеъдод ва ташаббусларини тўлақонли рағбатлантириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга кўмаклашишга астойдил киришдилар. Фаолиятимизнинг ўтган дастлабки йили ҳар бир ёшлар етакчилари учун ҳудуд ёшларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг интеллектуал жиҳатдан камол топиши ва маънавий ривожланишини таъминлаш борасида синовли йил бўлди, десам муболаға бўлмайди.

Шу ўринда ўтган давр мобайнида “Боғзор” маҳалласи ёшлари манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ҳамда иқтидорли ва салоҳиятли ёшларни хайрли ва умуммақсадлар атрофида бирлаштириш мақсадида алоҳида ёшлар дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар бўйича “йўл хариталари” белгилаб олинди.

Бугунги кунда ҳудудимиздаги 1025 та хонадонда қарийб 4 ярим минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 810 нафарини 14-30 ёшдагилар ташкил этади. Шундан 264 нафари доимий банд бўлган, 90 нафари меҳнат, таълим ва касбга тайёрлаш билан қамраб олинмаган ва 69 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларни ташкил этади.

Маҳалла юртимиз ичидаги кичик юрт ҳисобланади. Демак, маҳалладаги ёшларни рози, оғирини енгил қилиш, уларга муносиб турмуш шароитини яратишга ҳар бир ёшлар етакчилари масъул. Зотан, ёшлар етакчиси маҳалладаги ёшларнинг энг яқин суянчиғи, ишончли ҳамкори, самимий маслаҳатгўйи, чин дўстига айланмоғи керак.

Тугалланган дастлабки йилда олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларга эришиш учун астойдил ҳаракат қилдик. Жумладан, 2022 йилнинг иккинчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар хусусида тўхталиб ўтадиган бўлсам, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича Тошкент шаҳридаги Пучон университети талабаси Н.Исломжонова, Янгийўл Тиббиёт коллежи талабаси М.Эркинова, Чилонзор тумани Тиббиёт коллежи талабаси А.Сулайманова, Жаҳон тиллари университети талабаси Н.Ражабовага олий ўқув юрти ва техникум тўлов контрактининг 50 фоизи тўлаб берилди. 1 ва 2-гуруҳ ногирони бўлган 5 нафар ёш­га 1 миллион 200 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Яна 7 нафар ўсмирга мустақил фаолият бошлашлари учун зарур бўлган асбоб-ус­куналар субсидия асосида ажратиб берилди. Шунинг­дек, бахтсиз ҳодиса натижасида кўз шиллиқ пардасига шикаст етган Д.Эркиновга жарроҳлик амалиёти учун зарур бўлган маблағ тўлаб берилди, ҳозирда унинг саломатлиги яхшиланган.

Ҳудудимизда ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Масалан, Нигина Абдураҳмонова кўпдан бери ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагида эди. У ўз орзусидаги бизнесни ривож­лантиришда моддий томондан имконияти йўқ эди. Нигинанинг истаги амалга ошиб, “Ёшлар дафтари” асосида мушкули осон бўлди. Унга газ плитаси ва печ олиб берилди. Нигина яхши ниятлар билан қандолатчиликни йўлга қўйди. Ёнига икки нафар тенгдошини олиб, уларни ҳам иш билан банд қилди. Ҳозирда у тайёрлаётган қандолат маҳсулотларига талаб ортиб бормоқда.

Мафтуна Маматкаримова шароити тўғри келмаганлиги учун ўз бизнесини йўлга қўя олмаётганди. Унинг мурожаати қаноатлантирилиб, “Ёшлар дафтари”га киритилди ва субсидия асосида иккита тикув машинаси олиб берилди. Бугун у ёнига яна бир чеварни олиб, уйида тикувчилик билан шуғулланмоқда. Шаҳноза Ҳасановага ҳам субсидия асосида тикув машинаси берилгач, буюртма асосида сумка тикиш ишларини бошлаб юборган. Ушбу ёшларимиз бугунги кунда ўзларини ўнглаб олишган.

Яна бир мурожаатчимиз Умид Абдусаидов ҳам бундай имкониятлардан фойдаланиб, ўз тадбиркорлигини бошлаган ёшларимиздан бири. Унга субсидия асосида енгил машиналарга техник хизмат кўрсатиш шароити яратиб берилди. Натижада, ушбу шаҳобчада учта янги иш ўрни яратилиб, яна икки ёш шогирдликка олинди.

Маҳалламизда аҳолининг йирик қисми ёшлардан иборат. Одатда маҳалла идорасида ишлайдиган ходимларнинг аксарияти катта ёшли бўлганлик­лари, ёшлар билан ишловчи алоҳида мутахассиснинг йўқлиги боис ҳам ёшларимиз ботиниб бориб, уларга турли мусобақаларни ташкил этиш бўйича таклиф беришга тортинишарди.

Азалий миллий қадриятларимиз ва анъаналаримиз моҳия­тини тўғри англаб етиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида умумтаълим мактаблари билан маҳалланинг ўзаро алоқасини қатъий йўлга қўйилиши кўзланган мақсад сари муҳим қадам бўлди. Зеро, “Ёшларнинг бўш вақти – душманнинг иш вақти” деган нақлни унутмаган ҳолда, эндиликда уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда турли спорт мусобақалари, маънавий-маърифий тадбирлар, адабий кеча ва учрашувлар уюштирилиши, албатта, ўз самарасини кўрсатмоқда. Айниқса, алоҳида иқтидор ва истеъдод соҳибларига эътиборнинг кучайтирилиши, кўрик-танловлар ғолибларининг рағбатлантирилиши ҳам тарбиявий аҳамиятга эга.

Ана шундай ҳудудий мусобақаларга ўз иқтидор ва жисмоний салоҳиятини намо­йиш этиб, спортнинг муай-тай тури бўйича турли босқичларда ғолибликни қўлга киритган ёш спортчимиз Ҳасанбой Норметовга халқаро олимпиаданинг Таиланд шаҳрида бўлиб ўтадиган якуний босқичида иштирок этишини таъминлаш мақсадида “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан йўл харажатлари учун 12 миллион сўм миқдорида маблағ ажратиб берилди.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида “Беш ташаббус” олимпиадаси доирасида 17 маротаба турли даражадаги танлов ва мусобақалар ўтказилиб, жами 465 нафар ёшлар қамраб олинди. 16-21 ёшлилар тоифасидаги 3 талик жамоамиз “Енгил атлетика” танловининг Оҳангарон шаҳрида ўтказилган вилоят босқичида фахрли 3-ўринни қўлга киритишди. 35-умумтаълим мактабида маҳалла йигитлари учун спортнинг футбол, волейбол, теннис ҳамда қизларимиз учун тикувчилик тўгараклари ташкил этилиб, ҳозирда ушбу тўгаракларда 322 нафар йиғит-қизларимиз мунтазам равишда шуғулланиб келишмоқда.

Шунингдек, маҳалла ҳудудида ёшлар инфратузилмаларини яхшилаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фуқаро Адҳам Икромов ташаббуси билан унинг ҳомийлиги асосида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, спортга бўлган қизишларини ошириш мақсадида “Болалар спорт майдончаси” қуриб берилди. Энди бу ерда нафақат ёшларимиз, балки аҳолининг кенг қатлами ҳам спорт турлари билан шуғулланишлари мумкин.

Шуни айтиш мумкинки, биз етакчилар учун халқимиз ва давлатимиз томонидан билдирилаётган ишончни оқлаган ҳолда, бугунги ислоҳотларга “лаббай” деб жавоб бериш, юрт равнақи йўлида бор куч-ғайрат ва салоҳият, масъулиятни тўлалигича намойиш этиш вақти келди. Муайян муддат ёшлар сиёсатини мувофиқлаштириш соҳасида ишлаган инсон сифатида айта оламанки, ёшларимиздаги шижоат, садоқат, янгиликка интилиш, ҳар бир масалага креатив ечим топа олишдек хусусиятлардан унумли фойдаланишимиз керак.

Шоҳсанам МЕЛИҚЎЗИЕВА,
“Боғзор” маҳалласи ёшлар етакчиси.