Талаба контракти: Қандай имтиёз ва имкониятлар мавжуд?..

Талаба контракти: Қандай имтиёз ва имкониятлар мавжуд?..

Мамлакатимиз олий ўқув юртларида нав­батдаги янги ўқув йили ҳам бошланиб, айни пайтда тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабаларни “Таълим кредити кимларга берилади, мен ҳам ушбу имкониятдан фойдалансам бўлармикан” каби саволлар ўйлантираётган бўлса ажаб эмас… Эндиликда юқоридаги каби хавотирларга ўрин йўқ, албатта. Умуман олганда, юртимизда илм олиш, билим эгаллаш учун барча шароитлар яратилган. Давлатимиз томонидан тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган талабалар учун қулай кўринишда таълим кредитларининг ажратилаётгани ҳам бунинг ёрқин далилидир. Қуйида ушбу имтиёздан фойдаланиш тартиблари ҳақида тушунтириш берилади.

Қандай тоифадаги хотин-қизларнинг контракти давлат томонидан тўлаб берилади?
Ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган хотин-қизлар давлат ОТМлари бакалавр босқичида контракт асосида ўқиганида уларнинг контракт тўловлари ҳокимликлар томонидан тўлаб берилади.

Хусусий университетда ўқиётган хотин-қизлар контракти ҳам тўлаб бериладими?
Йўқ, иккинчи мутахассисликда ёки Ўзбекистондаги хорижий, хусусий ОТМларда ўқиётган хотин-қизларнинг контракти тўлаб берилмайди. Шунингдек, контракти тўлаб бериладиган хотин-қизларлар сони чекланган ва бу ижтимоий мезонлар асосида аниқланади. Бунда ҳар бир вилоятдан жами 150 нафар хотин-қизлар контракти тўлаб берилади, уларнинг 40 таси 1-курс учун, 100 таси 2- ва ундан юқори курс учун.

Хотин-қизлар қандай мезонлар асосида аниқланади?
Контракти тўлаб бериладиган хотин-қизлар қуйидаги мезонлар асосида танлаб олинади:
а) “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да кам таъминланган деб эътироф этилган оилалардаги хотин-қизлар;
б) етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизлар;
в) боқувчисини йўқотган (турмуш ўртоғи вафот этган), вояга етмаган фарзандларни ёлғиз тарбиялаётган эҳтиёжманд аёллар.

Кимга, қачон мурожаат этиш керак?
Хотин-қизлар контрактини тўлаш учун аризани “мандат” эълон қилинган кундан бошлаб аризани 10 кун ичида ОТМ қабул комиссиясига бериши керак. Аризага ҳеч қандай ҳужжатларни илова қилиш шарт эмас, керакли ҳужжатларни ОТМ қабул комиссияси элеткрон шаклда ўзи олади. Қабул комиссияси хотин-қизлар рўйхатини шакллантириб 5 кунда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига юборади. Вазирлик 5 кунда рўйхатни ўрганиб чиқиб, хотин-қизларнинг яшаш жойларидаги ҳокимлик­ларга юборади. Ҳокимликлар хотин-қизларни танлаб олиш учун комиссия тузади. Комиссия 5 кунда рўйхатдаги ҳар бир хотин-қизларнинг яшаш жойига бориб шароитини ўрганади.

Комиссия қуйидагилар асосида рўйхатдан 150 кишини танлаб олади:
ўрганиш натижасига кўра аниқланган маълумотлар;
хотин-қизларнинг ўқишга киришда тўплаган баллари;
ҳудудлардаги (туман (шаҳарлар)лардаги) кадрларга бўлган эҳтиёж;
хотин-қизлар ўқиётган курси (курснинг нима аҳамияти бор деган савол бўлиши мумкин, сабаби 1-курсларга 40 та квота ажратилган, қолган квота юқори курсларга). Саралаб олинган 150 нафар хотин-қизлар рўйхати Оила ва хотин-қизлар қўмитасига юборилади ҳамда қўмита 10 кунда тавсиянома тасдиқлаб ҳокимликларга қайта юборади.

Ўқишдан ҳайдалса нима бўлади?
Хотин-қизлар ўқиш жойини ёки таълим йўналишини ўзгартирса, шунингдек, талабалар сафидан четлаштирилса, контракт бўйича имтиёз бекор қилинади. Ҳокимликлар танлаб олинган хотин-қизларнинг контрактини ҳар чорак якунигача 4 га бўлиб тўлаб беради. Хотин-қизлар комиссия фаолиятидан норози бўлса, судга мурожаат этиши мумкин.

Хусусий университетда ўқиётганларга ҳам имтиёз борми?
Ҳа, “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтарига” киритилган ёшлар Ўзбекистондаги ҳар қандай, шу жумладан, давлат, хусусий, хорижий ОТМларда, техникум, коллежларда ўқиётган бўлса, контракт бўйича имтиёздан фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, мазкур имтиёз фақат бакалавр эмас, магистратура босқичида ўқиётганларга ҳам берилади. Бунда бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва кечки шакли, магистратуранинг фақат кундузги йўналиши бўлиши керак.

Контрактнинг қанча қисми қоп­ланади?
Контрактнинг 50 фоизигача қисми, бироқ БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда қоплаб берилади. Масалан, талаба А нинг контракт суммаси 40 млн. сўм, унинг контракти ярми 20 млн. сўм бўлади, лекин унга 20 млн. сўм эмас БҲМнинг 50 бараваригача қисми қоплаб берилади, яъни 16 млн. 500 минг сўмгача. Талаба Б нинг контракти 20 млн. сўм, унинг контракти ярми 10 млн. сўм ва унинг контракти БҲМнинг 50 бараваридан ошмаганлиги учун мана шу 10 млн. сўм тўлиқ қоплаб берилади. “Супер контракт” ҳам тўлаб бериладими? Йўқ, “супер” контрактда ёки иккинчи мутахассисликда ўқиётганларга ушбу имтиёз қўлланилмайди.

Кимга мурожаат этиш керак?
Контракт “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилади. Жамғарма туман (шаҳар)ларда ҳоким бошчилигидаги Васийлик кенгаши томонидан бошқарилади. Кенгашнинг ишчи органи эса туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлими ҳисобланади. Шу сабабли ариза ёшлар ишлари бўлимига берилади. Аризага ОТМ берган контракт нусхаси илова қилиниши керак. Ариза беришнинг аниқ муддати йўқ, исталган вақтда бериш мумкин.

Ариза қанча вақтда кўриб чиқилади?
Ариза беришдан аввал, маҳалладаги ёшлар етакчиси билан маслаҳатлашинг ва уни хабардор қилганингиз маъқул. Сабаби Сиз ариза берганингиздан сўнг 3 иш кунида аризангиз сиз яшаётган маҳалладаги ёшлар етакчисига кўриб чиқиш учун юборади. Ёшлар етакчиси 5 иш кунида контрактни қоплаш ҳақидаги тавсиянома ёки рад этиш тўғрисидаги хабарнома юборади. Агар тавсиянома бериш рад этилса, у асослантирилган бўлиши шарт.

Ёшлар етакчиси аризани 5 иш кунида кўриб чиқмаса ёки тавсиянома беришни асоссиз рад этса, Васийлик кенгаши ўз ташаббуси билан контракт пулини ўтказиб бериши мумкин. Васийлик кенгаши контрактни қоп­лаш ҳақида қарор қабул қилингандан сўнг 3 иш кунида уни ОТМ ҳисоб рақамига ўтказиб беради. Шунда жами 11 иш кунида ариза кўриб чиқилиши керак. Аризани кўриб чиқиш натижасидан ёки қайсидир мансабдор, ёшлар етакчисининг ҳаракатидан норози бўлсангиз ҳеч иккиланмай судга, прокуратура, адлия органларига мурожаат этинг.

Абдували ЭШОНҚУЛОВ,
туман Адлия бўлими бошлиғи.