Сайлов натижалари: Халқ хоҳиш-иродасининг ифодаси

Сайлов натижалари: Халқ хоҳиш-иродасининг ифодаси

Сайлов – бу халқ хоҳиш иродасининг юридик ифодаси, жамият ва давлат тараққиётига де­мократик усулда эришишнинг ҳуқуқий воситасидир. У башарият эъзозлаган қадрият бўлганлиги сабабли ҳар бир халқ ва миллат уни демократияга содиқликнинг ҳамда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари жамиятда улуғланишининг муҳим белгиси сифатида қадрлайди.

Жорий йил 9 июль куни мамлакатимиз ҳаётида энг муҳим ва тарихий воқеа – муддатидан илгари Ўзбекис­тон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Таъкидлаш лозимки, натижаларга кўра, рес­публиканинг 80,8 фоиз аҳолиси сайловда иштирок этганлиги, муболағасиз ушбу сайлов жараёни миллий қонунчилигимиз ва умум­эътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юксак савияда очиқ ва шаффоф тарзда ўтганлигининг, сайловчиларимиз, барча фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши юксалганлигининг яққол далилидир.

Жорий йил 10 июль куни Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижаларини эълон қилди. Ушбу натижаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловда қатнашганлар умумий сонининг 87,05 фоиз овози билан ғалаба қозонгани эълон қилинди. Қайд этилганидек, демократик тамо­йилларга мувофиқ, очиқ-ошкора ўтказилган Президент сайловида 15,6 миллиондан зиёд ёки қарийб 80 фоиз сайловчи ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, овоз берди. Бу – ўз тараққиётининг янги, демократик босқичига қадам қўйган Ўзбекистон халқининг сиёсий-ҳуқуқий онги, маданияти ва сиёсий фаоллиги тобора юксалиб бораётганининг тасдиғи, халқимизга хос аҳиллик ва ҳамжиҳатликнинг яна бир ифодасидир.

Бу галги Президент сайлови жорий йилнинг 30 апрель куни умумхалқ референдумида қабул қилинган янгиланган Конституция талаблари асосида ўтди. Айни пайтда, Ўзбекистон тарихида илк бор ўтказилган муддатидан илгари Президент сайловини нисбатан қисқа вақт ичида юқори савияда ташкил этилиши ва халқаро талаблар даражасида ўтказилиши мамлакатимиз сайлов тизими ва мутасадди ташкилотларнинг юксак салоҳияти ва қобилиятини намоён этди.

Ушбу муҳим сиёсий тадбирнинг қонун талаблари асосида ўтишини таъминлашда участка сайлов комиссиялари муҳим ўрин тутади. Ушбу муҳим сиёсий жараёнга ҳозирлик кўриш ва кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида туманимизда ҳам 58 та сайлов участкаси фаол иш олиб борди. 114 минг 294 нафар сайловчининг овоз бериши учун участкалар шай ҳолатга келтирилиб, ҳар бир участка сайловчиларга қулай ва яқин бўлган шинам биноларда жойлаштирилишига, замонавий алоқа воситалари билан жиҳозланишига алоҳида эътибор қаратилди. Сайлаш ҳуқуқига эга барча фуқаролар овоз бериш вақти ва жойи ҳақида ўз вақтида хабардор қилинди.

5 июль куни муддатидан олдин овоз бериш жараёни якунланди. Шу кунга қадар туманимиздаги 114 минг 295 нафар сайловчидан 4 минг 947 нафар фуқаро муддатидан олдин овоз беришди.

– Оила аъзоларимнинг “тўхтанг, машинада бирга борамиз”, деганига ҳам қарамасдан, 273-сайлов участкасига бориш учун яёв йўлга тушдим, – дейди “Ўрта” маҳаллада яшовчи 82 ёшли Мансур ота Юсупов. – Бора-боргунча қишлоғимизда кейинги йилларда юз берган катта ўзгаришлардан ниҳоятда завқландим, бундай хайрли ишларнинг бардавом бўлиши йўлида тиним билмайдиган, ҳақиқий ватанпарвар, ўзим лойиқ деб билган номзодга овоз бердим.

– Мен шу кунларда ҳаж амалларини бажараяпман, – дейди Зангиота қиш­лоғилик меҳнат фахрийси Муқаддас ая Деҳқонова. – Умрим давомида барча сайловларда фаол иштирок этиб келганман. Бу сафарги сайловда иштирок эта олмайманми, деб дилим ҳижил бўлаётганди. Йўқ, давлатимизнинг эътиборига минг раҳмат, шу ернинг ўзида Маккада овоз беришимиз учун шароит яратиб беришди ва мен ўзимнинг Конституцион ҳуқуқимдан фойдаланган ҳолда ўзим танлаган номзодга овоз бердим. Ишонаманки, юртимиз келгусида бундан-да гуллаб-яшнайди.

Таъкидлаш лозимки, барча сайлов ташкилотчиларининг бир ёқадан бош чиқариб, халқимизга хос донишмандлик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва садоқат билан қилган меҳнати самарасида ватандошларимиз ўзларининг хоҳиш-иродасини эркин амалга ошириш­лари, ўзлари танлаган номзодга овоз беришлари учун кенг шароит яратилди. Ушбу жараёнда нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам бевосита иштирок этган кузатувчилар ушбу сайлов умум­эътироф этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкорона ўтказилаётганлигини алоҳида қайд этишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови халқаро мезонлар ва стандартлар асосида миллий сайлов қонунчилигимизга, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик, шаффофлик, эркинлик ва адолат каби умумэътироф этилган демократик принципларга тўла мос ҳолда, кўтаринки руҳда ўтказилди. Бу, энг аввало, мамлакатимизда собитқадамлик билан амалга оширилаётган дадил демократик ислоҳотларнинг халқимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган вазифаларнинг амалдаги рўёбидир.

Ҳасан САЪДУЛЛАЕВ.