Осмондан ўйноқлаб ёғаётган қор кечга бориб тинди. Кўп ўтмай унинг изғирини бошланди. Ҳаво совуқ, ўғлининг уйи биқинидаги онанинг яшаш хонаси ундан-да совуқ эди…
Она инқиллаб-синқиллаб ўғлининг кичкинагина айвонига кириб бораркан, иссиқ ҳаво гуп этиб серажин юзига урилди. Болалари билан телевизор кўриб ўтирган келини “нимага келдингиз?” дегандек ўқрайиб қаради. Куни билан совуқда ишлаб чарчаган шекилли, ўғли диванда мудраб ўтирарди. Онасининг: ”Уйим совиб кетди, болам, электр печка қўйиб берсанг”, деган ўтинчини ҳам яхши илғолмай, чарчоқ тўла кўзларини бир лаҳза очиб, юмди ва яна пинакка кетди.
– Ойи, биз ҳам тунда электр печкани ўчириб қўямиз, бўлмаса электр ҳисоблагич кўп ёзиб юбораяпти, кўриб турибсиз ўғлингизнинг топиши яхшимас, эртага пули қолмаса, ток ўчиб қолса, нима қиламиз. Газнинг аҳволини кўриб турибсиз, чой ҳам қайнамаяпти. Кўрпаларингиз кўп, қават-қават қилиб ёпиб ётсангиз исийсиз. Уч кунлик қиш ўтар-кетар.
Кампирнинг қўлтиғидан тарвузи тушиб яшаш хонасига қайтди. Тупроқли ерга тўшалган эски палас устидаги кўрпачасини ёйиб, ёстиғини тўғирлаган бўлди, кейин устидаги қалин кийимлари билан ётиб, чап томонда турган кўрпани устига тортди. Ердан чиқаётган совуқ ҳам, музга айланган кўрпа ҳам “чақиб оламан” дерди. Шусиз ҳам совуқдан қақшаётган баданига баттар титроқ кирди. Қанча ётди, билмайди, ухлаб туш кўраяптими, ёки ўнгидами, билмайди, тепасида раҳматли чоли пайдо бўлди. “Келининг тушмагур бекорга танчани буздиртириб ташлабди-да, мана энди совуқ қотиб қолибсанку, Гулим, юр мен билан сени иссиқ уйимга олиб кетаман.”, дея қўлини чўзди. Кампир ҳам қоқ суякка айланган билагини у томонга беҳол узатди… Совуқда қўноғида ҳурпайиб ўтирган хўрозлар субҳисодиқ кириши билан эринибгина бирин-кетин қичқира бошлашди. Ҳаво ниҳоятда совуқ, умрини фақат оғир меҳнат ичида ўтказиб, болам-чақам деб яшаган, ўз қишлоғидан нарини кўрмаган кампирнинг бадани ундан-да совуқ эди…
Ибрат
– Ойижон, қўйинг энди шу маҳалладан берадиган нарсаларни бошқа олманг. Уялиб кетаяпман.
Лутфи опа бўйи анча чўзилиб қолган ўғли Ҳалимжонга қараб чуқур ҳўрсинди. Боқувчисини йўқотган бўлса, ундан келадиган нафақа, фаррошлигидан оладиган маоши нимага ҳам етарди. Уч фарзанд “ейман-ичаман”, деб турибди. Ҳадемай мактабни тугатишади. Катта бўлишгани сайин харажатлари ҳам катта бўлавераркан. Турмуш ўртоғи ҳаёт бўлганида бунчалик қийналмаган бўларди.
Лутфи опанинг кўзларида ёш чайқалди. Буни ўғлига сездирмаслик учун нигоҳини ерга қадади.
– Ойижон, боя маҳалламиз раиси келганди, иш сўрадим. Идорасининг ёнида новвойхона очган экан, унинг ёнидан менга оёқ-кийимларни тузатиш устахонаси очиб бермоқчилар
– Қўй-э, қандай ишлайсан, – Лутфи опанинг юраги орқасига тортиб кетди.
– Нима, менга ишонмаяпсизми, – Ҳалимжон ҳафа бўлди, – шунча одам ишлаб юрибди-ку.
– Уларнинг йўриғи бошқа, сен ҳали ёшсан…
Она у деб кўрди, бу деб кўрди, бўлмади, йигитча ўз сўзида қатъий туриб олганидан кейин унинг кўнглини чўктирмаслик учун рози бўлди: “Майли, уйда ўтиравериб зерикиб ҳам кетди, бироз ишлаб кўрсин-чи, кейин жонига тегса ишламас…”
Кўп ўтмай Лутфи опа янглишганини тан олди, ўғли ишини эплаб кетди, мижозлари кўпайгандан-кўпайди. Ўғлининг қўли баракали экан, унинг ҳалол меҳнати ортидан уйига барака ёғилиб кирди, рўзғоридаги қийинчиликлар ортда қолди. Орадан йиллар ўтиб қизини узатди, кичик ўғли олийгоҳга ўқишга кирди.
Ёз кунларининг бирида кўча эшиги одатдагидан бошқача тақиллади. Ошхонада кечки таом тайёрлаётган Лутфи опа қўлини шоша-пиша сочиққа артди-да, чаққон ҳаракатлар билан бориб эшикни очди. Ишдан қайтган Ҳалимжоннинг оғзи қулоғида эди.
Ҳовлида райҳоннинг намозшомгуллар исига қоришган ифори кезарди. Ҳалимжон ўпкасини тўлдириб чуқур нафас олди, катта тут дарахти тагидаги темир каравот ёнига етганида тўхтади:
– Ойижон, бу ёққа қаранг.
Олдинда кетаётган Лутфи опа орқасига ўгирилди.
– Бу Сизга, онажон, – йигит қўлидаги қоғозни онасига узатди.
– Бу қандай қоғоз?
– Сизни Умра зиёратига жўнатиш учун пул йиғиб юргандим. Ниҳоят, ниятимга етдим.
Лутфи опанинг бутун бадани жимирлади. Бир зум сўзсиз туриб қолди. Кейин ерга чўқди, фарзандининг тиззаларини қучоқлаб, бошини қўйиб, ҳўнграб йиғлаб юборди.
Ногиронлик аравачасида ўтирган йигитнинг тиззасидан пастида оёқлари йўқ эди.
Жамила АРСЛОНОВА.
