Ҳар йили Тошкент шаҳри ва вилоятларда ўтказилаётган анъанавий Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали бу йил 15 апрелда бўлиб ўтди. Ҳафталик маҳаллий ва хорижий рассомларнинг кўргазмалари, рассомлик ва амалий санъат бўйича маҳорат дарслари, илмий анжуманлар, тарихий, миллий ва замонавий либослар намойишига бой бўлди. Фестивалда асосан TÜRKSOY (Халқаро Туркий маданият ташкилоти) мамлакатлари, шунингдек, Корея Республикаси, Франция ва бошқа давлатлардан 70 нафардан зиёд ижодкорлар иштирок этишди. Тадбир доирасида Корея Республикаси Кеимюнг университетидан келган (Keimyung University) талабалар ва профессор-ўқитувчилар асарлари кўргазмаси намойиш этилди. Бадиий академия билан биргаликда ёшлар ўртасида “Пейзаж ва портрет” биринчи халқаро танлови ўтказилди. Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Жан-Марк Янкович ва Кристоф Бленнинг энергия ва иқлим муаммоларига бағишланган “Чексиз дунё” комикслари, NBU галереясида “Турк дунёси рассомлари учрашуви” халқаро кўргазмаси ташкил этилди. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий санъат ва дизайн институти ўқитувчиларининг бадиий аукциони муваффақият билан ўтказилди.
Анжуман асосан Тошкент шаҳрининг Марказий кўргазмалар зали (МКЗ), Икуо Хираяма номидаги Халқаро маданият карвонсаройи, Тошкент Фотосуратлар уйи, Академия галереяси, Республика ихтисослаштирилган дизайн мактаби кўргазмалар зали, шунингдек, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида (NBU) ҳамда Нукус ва вилоят марказларида бўлиб ўтди. Тасвирий санъат галереясида (NBU) кетма-кет иккинчи йил “Турк дунёси рассомлари учрашуви” кўргазмаси намойиш этилаётгани, айниқса, эътиборга лойиқ. Галереянинг кўргазма залларида Халқаро Туркий маданият ташкилотига (ТУРКСОЙ) аъзо давлатлар – Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон рассомларининг асарлари ўрин олган. Ўзига хос “опализм” жанрида ижод қилаётган Озарбайжон халқ рассоми Сакит Мамедов ҳамда унинг ҳамюрти ва Истанбулда яшовчи ҳамкасби Рефик Азиз яна Тошкентдаги кўргазма учун ўз асарларини тақдим этди. Ушбу санъат ҳафталиги янги истеъдодларни юзага чиқариш, ижодий алмашинув, устоз-шогирд анъаналари бардавомлигини таъминлаш, жаҳонга турк олами тасвирий ва амалий санъати ютуқларини кенг танитишга хизмат қилди. Умуман олганда, бу фестиваль тасвирий ва амалий санъат соҳасида ёш истеъдодларни кашф этиш, рағбатлантириш, уларга ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда иқтидорини тўла намоён этишига шарт-шароит яратиб беришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Фестивалда нафақат тажрибали рассомлар, балки ҳаваскорлар, ижодини энди бошлаган ёшларнинг ҳам ижодий ишлари тақдим этилди. Тасвирий ва амалий санъатнинг турли йўналиш ва жанрларига оид асарларда ёш авлод истиқболи, таълим-тарбияси, саломатлиги йўлида олиб борилаётган ишлар, ёшларга кўрсатилаётган меҳр-эътибор акс эттирилган. Пойтахтимиз ва вилоятларда бўлиб ўтган анъанавий халқаро фестиваль доирасида ўтказилган кўргазмалар, учрашувлар санъатга ошуфта қалбларни қувонтирди, мухлис ва томошабинларга олам-олам завқ бағишлади. Ижодкорларнинг, шунингдек, кулолчилик, каштадўзлик, ёғоч ўймакорлиги каби санъат йўналишларида ижод қилишлари учун барча шароитлар яратилган бўлиб, санъат байрами давомида Бадиий академия академиклари, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари, таълим муассасалари ўқитувчилари маҳорат дарслари ўтишди. Маҳоратли ёш рассомлар ҳамда амалий санъат усталарининг ижодий ишлари намойиш этилди. Улар миллий санъатимизнинг ўтмишдан етиб келган бой мероси, бугунги салоҳияти билан танишдилар.
Шунингдек, ёш ижодкорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланди, кўплаб истеъдодлар кашф этилди, устоз-шогирд анъаналари давом эттирилди, тасвирий ва амалий санъати ютуқлари кенг намойиш этилди. Тасвирий ва амалий санъатнинг турли йўналиш ва жанрларига оид асарларда ёш авлод истиқболи, таълим-тарбияси, саломатлиги йўлида олиб борилаётган ишлар, ёшларга кўрсатилаётган меҳр-эътибор ўз аксини топган. Фестивалда бир қатор давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари, таниқли рассомлар, ҳайкалтарошлар, фотографлар, ОАВ ходимлари ва ёшлар иштирок этди. Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ҳамда барча вилоятларда ижодкорлар, мусаввирлар, халқ амалий санъати усталари, дизайнерлар, ҳайкалтарошлар иштирокида кўргазмалар, маҳорат дарслари, илмий анжуманлар, ярмаркалар ҳамда концерт дастурлари ташкил этилди. Анжуман доирасида ўтказилган танлов ғолибларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Фарҳод АЗИМОВ,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти тадқиқотчиси.
