Аёл киши учун ҳам уй-жойни саришта тутиш, ҳам фарзанд тарбияси билан шуғулланиш ва бундан ҳам ортиб бирорта жойда ишлаш анча машаққатли иш. Лекин мана 40 йилдирки, Муҳайё бу вазифани аъло даражада уддалаб келаяпти. Шунча йиллар ичида кўчага оиласидан “тиқ” этган товуш чиқмаган. Рўзғори ҳам, иши ҳам жойида. Меҳнат фаолияти давомида ҳам фақат қишлоқ аҳлининг раҳматини эшитиб келмоқда. Стоматолог бўлиш ўзига яраша анча машаққатли иш. Чунки бу борадаги озгина янглишиш ҳам одамга қимматга тушиши мумкин. Муҳайё Турғунова ўтган йиллар давомида Зангиота қишлоғидаги 16-оилавий поликлиникада фаолият юритиб келаркан, бу масъулиятни ич-ичидан ҳис этади. Ҳар бир беморнинг оғиз бўшлиғидаги стоматитдан тортиб тишигача алоҳида эътибор кўрсатган ҳолда муолажа қилади. Кейинги пайтларда ёш болаларда стоматит анча кўпайган. Бунинг боиси оғизга тушадиган неъматларни ювмасдан ейиш, ширинликларга ружу қўйиш ва бошқа сабаблардир.
Муҳайё шу сабабларни топиб, тегишли муолажа қилгач, беморга оғиз парвариши, тишларнинг соғлом бўлиши учун нималарга эътибор қаратиш зарурлигини эринмай тушунтиради. – Тишлар одамнинг организмидан ташқари ташқи кўриниши учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Текис ва соғлом тишлар одамга кўрк беради, – дейди у. – Тишлар соғлом бўлиши учун эса уни тўғри парваришлаш ва вақтида ювиб туриш керак. Акс ҳолда оғизда қолиб кетган овқат қолдиқлари касаллик чақиради. Ётишдан олдин тишни ювмайдиган одамларнинг томоғи кўп оғрийди, ангина бўлиб қолади. Қабулимга келадиган ёшларнинг ҳам кўп тишларида муаммо борлигининг гувоҳи бўламан. Бунга фақат тишни вақтида ювмаслик эмас, балки ички касалликлар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун беморларга ошқозонини ҳам бир текширтириб кўришларини маслаҳат бераман. Муҳайё ҳар куни ишга отланаркан, дилида оиласидан, ишидан қониқиш ҳислари мавж уради. Инсон ҳаётга фақат яхши яшаш, яхши еб-ичиш учун эмас, балки юртига, одамларга фойдаси тегиши учун ҳам келганлигини ҳис этган ҳолда қадрдон поликлиникаси томон қадамларини тезлатади. Жамила АРСЛОНОВА.
