Халқ дардини тинглаш масъулияти

Халқ дардини тинглаш масъулияти

Қабулхонамиз томонидан секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, ижтимоий объектларни ўрганиш орқали ижтимоийиқтисодий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш фаолияти доимий равишда мувофиқлаштириб борилмоқда. Таҳлил натижаларига кўра, 2024 йил 1-чорак давомида туман Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 39 тага (93- 54), улардаги масалалар сони эса 35 тага (114-79) кўпайган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар эса 56 тага (2080-2024) камайган.

Келиб тушган мурожаатларнинг 1157 (1420) таси (75% / 68,3%) қаноатлантирилган, уларнинг 510 таси33,1% (2023 йилда 820 таси – 39,4%) ижобий ҳал этилган, 481 та мурожаат бўйича ўрганиш жараёни давом этмоқда. 101 та мурожаатнинг муддати бузилган, шундан 33 таси кечиктирилган, 19 таси 30 кундан кечиктирилган, 68 таси кечиктириб ёпилган, шундан 36 таси эса 30 кундан кечиктириб ёпилган. Энг кўп тушган мурожаатлар Мактабгача ва мактаб таълими, Давлат кадастрлар палатаси, соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, қурилиш ва уйжой коммунал масалалари, алимент ундирилмаётганлиги, ҳуқуқбузарликларга оид, автомобиль ва ички йўлларни таъмирлаш ва бошқа масалалар. Маълумки, туман (шаҳар) сектор раҳбарлари ҳар ҳафтада камида бир маротаба, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар секторлари раҳбарлари эса ҳар ойда камида икки марта жойларга чиққан ҳолда оммавий қабуллар ўтказиши қатъий белгилаб қўйилган. Аммо, оммавий сайёр қабуллар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ҳудудларда деярли барча секторлар томонидан оммавий сайёр қабуллар белгиланган жадвал асосида тўлиқ ўтказилмаяпти.

Айнан шу ҳолат ҳам мурожаатларнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлмоқда. Жумладан, аҳоли билан 2024 йил 1-чоракда ўтказилиши режалаштирилган 88 та сайёр қабулдан 71 таси ўтказилган, уларда 233 та мурожаат 269 та масаладан иборат келиб тушган, шундан фақат 61 таси ижобий ҳал қилиниб, 44 тасига ҳуқуқий тушунтириш ва 104 тасига тушунтириш берилган, қолганлари ўрганиш жараёнида. Бундай ҳолат ўз навбатида сектор ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолининг мурожаатлари ортишига ва уларни ўз вақтида қонуний ҳал этилмасдан қолишига олиб келмоқда. Шу билан бирга, сектор сайёр қабулларда тушган мурожаатларга етарли эътибор қаратилмаётганлиги натижасида уларнинг қонунда белгиланган кўриб чиқиш муддатлари қўпол равишда бузилишига йўл қўйилмоқда. Масалан, 2024 йил 1-чоракда 30 кунлик муддати бузилган 19 та мурожаатдан 7 таси сектор сайёр қабулидан тушган мурожаатларга тўғри келмоқда. Бугунги кунда туман Халқ қабулхонасининг таклиф ва тақдимномалари асосида туман ҳокимлиги томонидан мурожаатларнинг қонуний муддатларда ҳал қилинишига эришилган.

Халқ қабулхонамиз корхона-ташкилотларнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишловчи мутасадди ходимлар билан доимий равишда узвий мулоқот қилиб, мурожаатлар бузилишининг олдини олиш мақсадида жавоблар юкланиши ҳақида огоҳлантирилиб, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шунга қарамай, фуқароларни мурожаатлари бўйича муддатлар қўпол равишда бузиб келинмоқда. Келиб тушган мурожаатлардан 290 таси такрорий (2023 йил 1-чоракда 324 та бўлган)лиги фикримиз исботидир. Фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўрмаслик оқибатида Қонун талаблари жиддий бузилишига ва мурожаатларга узоқ муддат жавоб бермаслик ёки кўрмасдан қолдириш ҳолларига йўл қўйилгандан сўнг фуқаролардан такрорий аризалар асосли равишда келиб тушмоқда, шундан энг кўпи “Боғзор” маҳалласи бўйича бўлиб, жами 178 та мурожаатдан 34 таси такрорий, “Файз” маҳалласида эса 76 тадан 16 таси такрорий тушган. Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан қабулхонамиз томонидан аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммолар аниқланиб ҳал этилмоқда.

Масалан, туманда 73 та маҳалла фуқаролар йиғинлари билан қабулхонамиз томонидан тузилган графикка асосан “маҳалла-сектор-Халқ қабулхонаси-маҳалла” тамойили асосида ҳамкорлик ўрнатилиб, бугунги кунда барча маҳаллаларда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммолар борлиги аниқланган. Бугунги кунда кўпгина маҳаллаларда тоза ичимлик суви тармоқларини ўтказиш ишлари аввалги йилларда бошланган бўлиб давом эттирилаётганлиги, натижада кавланган ва асфальти бузилган жойлар таъмирланмай шу ҳолда ташлаб қўйилганлиги, чуқурларга болалар тушиб кетаётганлиги, кўчаларда тўпланиб қолган маиший чиқиндиларни олиб кетиш муаммо бўлаётганлиги, порталга мурожаат қилмагунга қадар тозаланмай қолаётганлиги, кўчаларга ёритгичлар ўрнатилмаганлиги, йўлларни асфальтлаш, эски симёғочларни янгисига алмаштириш ва бошқалар шулар жумласидандир.

Жорий йилда келиб тушган мурожаатларнинг аксарият қисмига 2024 йилда опен-бюджет орқали овоз бериш йўли билан ички йўлларни таъмирлаш имкони борлиги ҳақида тушунтириш берилган, аммо бу масала йиллар давомида ҳал этилмай келинмоқда. Қабулхонамиз томонидан мутасадди идораларнинг ҳақиқий эҳтиёжманд оилалар, фуқароларни рўйҳатга олиш, дафтарларга киритиш, уларни дафтарлардан чиқариш тартибига риоя қилиш борасида доимий мониторинглар ўтказилиб келинмоқда. Масъул идоралар томонидан рўйхатлар тўғри шакллантирилиши, секторлар томонидан ёрдамга муҳтож фуқароларнинг муаммолари ҳал этилиши, уларнинг бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини яратилиши ҳолатига алоҳида эътибор қаратилган. Бундан ташқари, қабулхонамиз томонидан ўтган вақт давомида 4 та сектор фаолияти ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан раҳбарларга кўрсатмалар берилди. Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳамиша ҳам долзарб вазифа бўлиб келган. Уларнинг дардини тинглаб, муаммосига ўз вақтида ечим топиш ҳар бир раҳбар ишининг ажралмас қисмига айланиши керак. Шундагина халқ розилигига эришилади.

Фарруҳ ҲУСАНБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Зангиота туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.