Баъзи хизматлар сайёр тарзда фуқароларнинг уйига бориб амалга оширилади

Баъзи хизматлар сайёр тарзда фуқароларнинг уйига бориб амалга оширилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 июлдаги “Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, шунингдек, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 321-сонли қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан давлат хизматларини кўрсатиш бўйича қуйидаги 2 та маъмурий регламент тасдиқланди:

  1. Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойига бориб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича.

Регламентга мувофиқ, сайёр давлат хизматидан фойдаланишни истовчилар Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг расмий веб-сайти, “Call-марказ”, мобил иловаси ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали мурожаат этади. Шунга кўра, мурожаат этувчи сайёр давлат хизматларини ҳамда ушбу хизматлар кўрсатилиши лозим бўлган бўш кунни танлайди. Бунда сайёр давлат хизматлари мурожаат этувчининг хоҳишига кўра, қўшимча тўлов асосида (хизмат кўрсатилиши учун тўлов олдиндан тўланган ҳолда) кўрсатилади.

Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасига хизматлар 10 иш куни мобайнида мурожаат этувчининг яшаш жойига бориб, қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатилади. Агар мурожаат этувчилар хоҳлаган кунда сайёр давлат хизматларини кўрсатиш имконияти мавжуд бўлмаса, бу ҳақда мурожаат этувчилар огоҳлантирилади ва унга бошқа кунни танлаш таклиф этилади.

  1. Фуқароларнинг яшаш жойига бориб, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича.

Регламентга кўра, транспортни рўйхатга олиш бўйича сайёр давлат хизматлари қўшимча тўлов асосида 1, 3 ёки 5 кунда кўрсатилади (тўлов хизмат кўрсатилишидан олдин амалга оширилади).

Бунда хизмат кўрсатганлик учун қўшимча тўлов миқдорлари қуйидагича:
1 кунда кўрсатилганда – БҲМнинг 4 баравари;
3 кунда кўрсатилганда – БҲМнинг 3 баравари;
5 кунда кўрсатилганда – БҲМнинг 2 баравари.

Хизмат кўрсатиш масофаси 10 километрдан ошганда, ҳар бир километр учун қўшимча тўлов БҲМнинг 5 фоизи миқдорида тўланади. Эслатиб ўтамиз, мазкур сайёр давлат хизматлари жорий йилнинг 1 декабридан йўлга қўйилади. Шунингдек, жорий йилнинг 1 октябригача ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини фуқароларнинг яшаш жойига почта жўнатмаси сифатида жўнатиш тизими йўлга қўйилади.