Ўт қопи нимага букилади

Ўт қопи нимага букилади

Маълумки, соғлом ўт пуфаги аслида ноксимон кўринишда бўлади. Баъзан турли сабабларга кўра (масалан ўт қопининг яллиғланиб тузалишидан кейин) ўт пуфагининг бўйинчаси букилади ва шакли ўзгаради. Бу ҳолат рўй берганда баъзан ҳеч қанақа клиник белгилар кузатилмайди ва бу ультратовуш текширувида тасодифан аниқланади. Баъзан беморда кўнгил айниши, қусиш, еган овқати яхши ҳазм бўлмаслиги, қорнида оғриқ кузатилади. Ўт пуфаги букилиб қолганда ўт (сафро)нинг равон ўтиши қийинлашиб, у димланади, яъни узоқ туриб қолади, натижада ейилган овқат яхши ҳазм бўлмайди, бемор ўнг томонида ноқулайлик, кўпинча оғирликни ҳис этади. Айрим ҳолларда кишининг мунтазам оғир юк кўтариши туфайли ҳам ўт пуфаги букилади. Агар бемор буюрилган дори-дармонларни ўз вақтида қабул қилса ва парҳезга риоя этса ўт (сафро) ажралиши яхшиланиб ичакларга ўтиши равонлашади ва шунда ўт пуфаги оператив давога муҳтож бўлмайди.

Ўт пуфагида ўтнинг димланиб қолиши холецистит пайдо бўлишида асосий омил саналади. Ўт димланишига ўт (сафро) чиқариш йўлларининг букилиб қолиши, сиқилиши, анатомик нуқсонлар сабаб бўлади. Ўт пуфаги яллиғланиши жараёнининг бирданига келиб чиқишига баъзан кўп овқат ейиш, жуда ёғли, шўр ёки аччиқ овқат истеъмол қилиш, совқотиш, бошқа аъзолардаги кучли яллиғланиш жараёнлари ҳам таъсир қилади. Холецистит ўткир ва сурункали турда кечади. Ўткир холециститнинг оғир турларида бемор операция қилинади. Бошқа ҳолларда консерватив даволар буюрилади. Сурункали холециститда бемор ўнг қовурға остида суст оғриқни сезади, бу оғриқ кўпинча ёғли ва қовурилган овқат егандан 1-3 соат ўтгач бошланади. Беморнинг оғзи тахир бўлиши, кекириш, кўнгил айнаши, ич дам бўлиши, қабзият ёки ич кетиши сингари ҳолатлар безовта қилади.

Бемор гўшт ва балиқнинг ёғли турларини, қўй ва мол ёғини, ёғли шўрвалар, какао, шоколад, ўткир, аччиқ таомлар, тухум сариғини истеъмол қилиши мумкин эмас. Сут маҳсулотларидан тайёрланган таомлар, масалан, ёғсиз қатиқ, творог, сузма еб туриш, ҳўл мевалар ва сабзавотлардан хоҳлаганча ейиш мумкин. Ичнинг равон келишига аҳамият бериш даркор. Бунда мева шарбатлари яхши ёрдам беради. Ёдда тутинг, агар ўз вақтида муолажа олмасангиз, сурункали холецистит бора-бора холангит (жигарнинг ички ва ташқи ўт йўллари яллиғланиши), гепатит (жигар яллиғланиши), панкреатит (меъда ости бези яллиғланиши) сингари касалликларни вужудга келтиради.

Эльмира ДЖАМБАЕВА,
туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли
Хирургия бўлими амалиёт ҳамшираси.