Гўзалларни гўзал айлаган либослар

Гўзалларни гўзал айлаган либослар

Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан жорий йилнинг апрель-май ойларида “Нафосат” кўриктанлови ўтказилиши белгиланган эди. Танлов доирасида 8–14 апрель кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, маҳаллалар, вазирлик ва идоралар, ўқув муассасалари, корхона-ташкилотларда “Хонатлас” ҳафталиги бўлиб ўтди. Ҳафталикдан кўзланган мақсад одамларда, айниқса, ёшлар қалбида миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини ошириш, миллийликни асраш, ўзбекона кийиниш маданиятини, миллий анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш орқали қадимий ва барҳаёт урф-одат ва қадриятларимизга хос бетакрор кийиниш услубларини намойиш этиш эди. Туманимизда “Хонатлас” ҳафталиги доирасида бўлиб ўтган тадбирларда миллий матоларимизнинг сардори бўлган атласнинг дунёда тенги йўқ, бетакрор, сержило, камалакранг экани яна бир бор намойиш этилди. Аслида бизнинг атласу адрасларимизга бутун дунё маҳлиё. Жаҳон мода намойишларида, Халқаро ярмарка ва кўрикларда ўзбек атласидан тайёрланган либослар одамларда ўзгача қизиқиш уйғотиши билан бирга совринли ўринларга ҳам кўп бора муносиб кўрилган.

Ўзгачалиги билан ажралиб турадиган бу матоларимиздан тикилган либослар ёшу қари устида ял-ял товланиб туришининг ўзиёқ миллий либосларимизнинг бетакрорлигидан сўзлайди. Ҳафталикда миллий либосларга бурканган Ўртаовул ҳудудидаги маҳаллалар хотин-қизлар фаоллари шунақанги ўзгача жозибали кўриниш касб этишдики, қарамаган одамни ҳам қаратишди. Улар томонидан ижро этилган миллий қўшиқларимиз эса миллий либосларимиз билан уйғунлашиб, ўзгача тароват касб этди. “Назарбек” ҳудудидаги маҳаллалар хотин-қизлар фаоллари томонидан “Хонатлас” фестивали доирасида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбир давомида миллий либослар, ўзбек атласи таровати ва жилосига бағишланган шеърлар, қўшиқлар ижро этилиб, дошқозонга сумалак солинди. Сумалак кавлаётган миллий либосдаги аёллар нақ малакларга айланишган бўлса не ажаб! Маҳаллаларда бошланган тадбирлар мактабларга ҳам кўчди. 7, 44 ва бошқа мактабларнинг қизлари устида товланган либослар ёш авлод қалбига миллий қадриятларимиз, либосларимиз ва урф-одатларимизга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини янада кучайтирди. “Хонатлас” фестивали туман бўйлаб кенг қулоч ёйиб, барчанинг қалбига илиқлик олиб кирди, хушкайфият улашди.

Ж.АМИРОВА.