Матонатли аёл, деганда кўз олдимга маҳалладошимиз Муножат Иботова келади. Боқувчисии йўқотган бу аёл 4 қизини оқ ювиб, оқ тараб вояга етказмоқда. У ҳеч қачон айрим фуқаролар каби қийналиб қолдим, деб ёрдам сўраб идорама-идора юрмайди, ўз ҳалол меҳнати билан баҳолиқудрат рўзғорини тебратиб келмоқда. “Пахта” деган ширинликка кўча-кўйда ҳамманинг кўзи тушган бўлиши керак. Муножат ана шундай ширинлик тайёрлаб, шунинг орқасидан рўзғорини тебратаяпти. Ўтган йили уни “Аёллар дафтари”га киритиб, ёрдам кўрсатдик. Тегишли ташкилотларнинг ёрдами билан уйини таъмирлаб олди. Муножат ҳеч қачон ёлғиз эмас, унга қўлдан келган ёрдамни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Рўза пайтида бир ҳомий унга сигир совға қилмоқчи бўлганлигидан хабардор бўлгач, аҳолимиз ҳашар йўли билан бу оилага молхона қуриб берди. Ҳайит байрами арафасида эса исмини ошкор этишни хоҳламаган ҳомийнинг совғаси келди. Она-бола сигирни кўрган қизларнинг қувончи ҳаммадан ҳам катта бўлди. Туман ҳокимлиги ҳам бундай савоб ишдан четда қолгани йўқ, хонадонга мол учун озуқа берилди. Шукрнинг мукофоти шу бўлса керак.
Муқаддам ОРИПОВА,
“Асил” маҳалла фуқаролар йиғини
хотин-қизлар фаоли.
