Рамазон ҳайити арафасида туманимизда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида кўчат экиш, ободонлаштириш ишлари авж палласига кирди. Меҳр-мурувват, саховатли ишлар кенг қулоч ёйиб, одамлар қалбига илиқлик, хурсандчилик олиб кирди. “Олмазор” маҳалласидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож С.Маҳаматов ва М.Абдуллаеваларнинг уйлари кўча тарафи анча путурдан кетиб қолган эди. Маҳалла фуқаролар йиғини бошчилигида деворни таъмирлаш ишлари амалга оширилиши натижасида кўчага файз кирди. Туманнинг барча маҳаллаларида бўлгани каби қабристонларда ҳам тозалаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, “Намуна” маҳалласидаги “Жайнар ота” қабристони атрофлари тозаланиб, у ерга 15 туп ёнғоқ ва 25 туп павлония кўчатлари экилди. “Ўрикзор” маҳалласида эса иш янада қизғин. Аҳоли ҳашар йўли билан ичимлик суви қувурларини тортиш ишларини амалга оширишмоқда. Бундай хайрли ишдан туркистонликлар ҳам четда қолишгани йўқ. “Навбаҳор” маҳалласида яшовчи аҳоли ҳашар йўли билан кўчасини асфальт қилишди. “Наврўз” маҳалласилик ҳомий эса болалар ўйингоҳига тунги ёритгичлар ўрнатиб берди. Барча маҳалла фуқаролар йиғинлари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олишиб, уларга ҳомийлар томонидан берилган пул ва озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатдилар. Назарбеклик ҳомий эса қийналган оилаларнинг бирига ошхона мебели совға қилди. Бундан, айниқса, болажонларнинг қувонганлигини айтмайсизми! Бу каби савобли ва хайрли ишлар туман бўйлаб кенг қулоч ёйиб, маҳаллалар ободлиги, одамларнинг миннатдорчилигига хизмат қилди.
Ж.АМИРОВА.
