Руслан Ботировни (исм-фамилиялар ўзгартирилган) нима жин урдию унинг миясини жияни Мурод Турсуновнинг турмуш ўртоғи Баҳор Турсунова ҳақидаги шубҳа-гумонлар эгаллаб олди. Хаёлида аёлнинг бегона эркаклар билан дон олиб юргани гир айланарди. 2023 йилнинг 22 март куни бу гумонлар уни жиноят сари етаклади. Шу куни Руслан Ботиров уйи олдида ёшлигидан таниш бўлган Феруз Бобомуродов билан гаплашиб турганди, уйдан Баҳор чиқиб қолиб, саломлашди. Русланнинг назарида аёл Феруз билан кўз уриштиргандек бўлди. Бироздан сўнг Феруз уйига кетди. Руслан ҳам гумонлар оғушида жаҳл билан уйга кириб кетди. Кечга томон ошхона пичоғини олиб, Ферузга қўнғироқ қилиб, уйдан чиқиб туришини, унда иши борлигини айтиб, йўлга тушди. Руслан Ферузнинг уйига етиб борганида у дарвозаси олдида сигарет чекиб турганди. Руслан Ферузга, “Ануни қара, ким экан ану?”, деб уни чалғитиб, чўнтагидаги ошхона пичоғини олиб, унинг танасининг турли жойларига бир неча марта пичоқ тиқади. Шу пайт бунга гувоҳ бўлиб қолган шу маҳаллалик бир бола бақир-чақир қилиб қолгач, Руслан воқеа жойидан қочиб қолади. Шундай қилиб ўринсиз гумон туфайли Феруз қаттиқ тан жароҳати олди, аввал ҳам турли жиноятлар содир этиб, жазоланган Руслан яна суднинг қора курсисига ўтирди. Энди 53 ёшли Руслан Ботиров умрининг 10 йилу 1 ойини темир панжара ортида ўтказади.
З.ШАРОПОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Зангиота тумани суди судьяси.
