Ўзбек тили, шубҳасиз, дунёдаги барча тиллар сингари ўзлашма сўзлар ҳисобига ҳам бойиб бормоқда. Хусусан, узоқ йиллар тилимизда турли ўзлашма атамалар ишлатилиб келинди. Халқимиз эса ҳар бир ўзгаришга ё мослашиб ё мослашмай яшар экан, янгича истилоҳлар умри ҳам узайиб ё қисқариб бораверади. Айрим топонимлар эса бутунлай луғатимиздан ўчиб ҳам кетади. Ҳар айтилган номни ўзлаштириш осон бўлмаганидек, ўрганиш ҳам осон кечмайди.
Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 21 октябрдаги ПФ-5850 ҳамда 2020 йил 20 октябрдаги ПФ-6084-сонли Фармонларида Давлат тилини ривожлантириш, уни турли тазйиқлардан муҳофаза қилиш, ном-атамаларни ёзиш ва айтишда имло қоидаларига изчил амал қилиш, ўзлашма сўзларни қўллашда маълум принципларга амал қилиш ва шу каби тил сиёсатига бефарқ бўлмаслигимиз алоҳида уқтирилган. Шу билан бирга охирги Фармонда 2021 йил январдан барча расмий ҳужжатлар янги алифбода ёзилиши алоҳида таъкидланган. Аммо бизни бир нарса жиддий ташвишлантиради.
Тилимизда қўлланиб, ифода шакли маълум, маъноси теран, талаффузи меъёрий қоидаларга зид бўлмаган сўзларни янги шаклда қўллашга қандай эҳтиёж бор? Дейлик, “доцент”ни dosent, “аттестация”ни attestasiya, “модернизация”ни modernizasiya ё ой номлари – “сентябр”ни sentabr, “октябр”ни oktabr шаклида ишлатишнинг қандай зарурати бўлиши мумкин? “Милиция”ни milisa, “мотоцикл”ни matasekl, “операция”ни аparasta, “цемент”ни simon, “санкция”ни sаnksiya дейиш мумкин. Бироқ юқоридаги илмий атамаларни аслича қолдириш керакми, дейман-да. Шунингдек, Гельвеций, Цицерон, Стаций, Гораций, Домиций сингари дунё алломалари исмини бошқа халқлар ишлатгани сингари “ts” ёрдамида қўлламоғимиз лозим. Франц, Цеткин, Песталоцци каби шахс отларини эса Frans, Cetkin, Pestalotsi шаклида қўллаш хато эмас. “Цицерон”нинг биринчи бўғинида “т” сал қаттиқроқ эшитилади. Шу боис бу номни Titseron шаклида қўллаш мумкин. Хуллас, “ц” сўз аввали ё охирида келса s, ўртасида келганда эса ts шаклида қўлланса, талаффуз меъёрларига мос тушади.
Ўтган аср бошларида ота-боболаримиз “сентабр” ё “октабр” деб айтса, айтгандир. Аммо қарийб бир аср давомида халқимиз онги ва тафаккурига ўрнашиб, сингиб кетган, талаффузи меъёрлашган сўзларни ўзгартириб, “билимдонлик” даъво қилишнинг маъниси нима? “Француз”ни Fransuz дейиш хато эмас, бироқ “dotsent” ёки “attestatsiya”нинг нимаси ёмон? Бу рус ё у орқали ўзлашган сўзлар типига киради. Сўзни ўз эгалари сингари айтиш ва ёзиш лингвистикада хато ҳисобланмайди. Ой номларини oktyabr, sentyabr шаклида айтганимиз каби ёзсак, бунинг нимаси хато?
Янги ёзувда жўналиш келишиги “–га”нинг ишлатилиши ҳам баъзида тўғри эмас. Имло қоидасида унинг – ға, -қа, -ка шакллари ҳам мавжудлигини, ўрни билан ана шу муқобилларни қўллашимиз лозимлигини тушунтириш унутилган кўринади. Ўзбек ҳеч қачон “тоғга чиқамиз” ёхуд “кучукга нон бер” деб айтмайди. У “тоққа чиқамиз”, “кучукка нон бер” дейди. “Тоғга чиқамиз” ва ё “кучукга нон бер” шаклини ўзбекчани яхши билмайдиган тожиклар айтади ва бу улар учун айб эмас. “Раззоққа айтинг”, “маблаққа бориб тақалади”, “милтиққа ўқ жойлади” каби ифода бирликларини –га (ga) жўналиш келишиги воситасида айтиш ва ёзиш, менимча, тўғри эмас.
«Узук тақган қиз» дейилмайди. Дейилмайдими, демак, ёзилмайди ҳам. Уни “таққан” шаклида ёзиш лозим. Ҳозирда 6-синф ўқувчиларига тавсия этилган “Она тили” дарслигида асосан тўғри ишлаб чиқилган қоидалар ичида бизнинг фикримизни рад этадиган баъзи қоидалар бор. Жумладан, феълнинг сифатдош шаклига тегишли мана бу маълумот бизни ишонтиролмайди: Жарангли g` ундоши билан тугаган феъл асосларига қўшилганда -qan ҳолида талаффуз қилинса ҳам -gan ёзилади: tug`– tug`gan (Н.Маҳмудов в.б. Она тили. 6-синф.”Тасвир” нашриёти, 2013.53-саҳифа. Лотин ёзувида). Э…э… Нега энди шу сўз айтилгани каби ёзилмайди? Демак, биз уни 90 йилдан бери хато ёзиб келган эканмиз-да? Бу қоидани профессор Низомиддин Маҳмудов ё Абдулҳамид Нурмонов ишлаб чиққанига шахсан мен ишонмайман. Афсуски, дарсликларда шу ва шу каби хато-чалкашликлар гоҳо кўзга ташланиб туради. Таклиф шуки, янги имло қоидаларини ислоҳ қилишда эскисини тамом инкор қилиш йўлидан эмас, балки тамом эътироф этиш йўлидан боришимиз керак.
Яна алломалар номига қайтамиз. Мустақилликдан сўнг “Гёти”ни Ҳёти, “Генрих Гейни”ни Ҳенрих Ҳейни ё Ҳанрих Ҳайни, “Тагор”ни Тҳакур, ҳатто “Суқрот”ни очиқ ойдин Сократ дейдиган бўлишди. Қизиқ?! Буюклар отини 100 йил ишлатиб, энди таҳрир қилишнинг нима кераги бор? “Гёте”нинг нимаси ёмон. “Генрих Гейни”нинг-чи? “Тагор”ни Тҳакур дейиш хато эмасми? Ўзбек тилида “тҳ” бир ўринда қўлланадиган исм, ҳатто бирорта сўз мавжуд эмас. Илтимос, бирор қоидани ишлаб чиқишдан аввал филолог олимларимизнинг фикр-мулоҳазаларини, жилла қурса, улар қандай ёзганини ўйлаб кўрайлик, ахир. Таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул истиқлол арафасида ҳиндларнинг буюк мутафаккири Рабиндранат Тагор ва унинг дунё адабиётидаги улкан мавқейи ҳақида ғоят салмоқдор мақола битган. Бироқ домла бирор ўринда ёзувчини “Тҳакур” деб ёзмаган. Ваҳоланки, аллома исмини шундай қўпол шаклда ишлатган ўртоқлар ўша жараёнда майдонга чиққан эди. Нима дейсиз, профессор хато қилдимикин?
Халқимиз “Суқрот”ни минг йилдан бери шундай атайди. Уни ўзгартириш бемаънилик, қолаверса, саводсизлик белгисидир. Раҳматли аллома Озод Шарафиддинов услубига эътибор берганмисиз? У киши “борибди”ни “борипти”, “қилибди”ни “қилипти” шаклида ёзишни хуш кўрарди. Тилшуносларнинг бирортаси буни хатога йўймаган. Афтидан, домла иложи борича айтганимиз каби ёзайлик ё аксинча деган ғояни илгари сурган. Инобатга олиш лозимки, адабий тил меъёрлари билан шева тили меъёрлари ўртасида фарқ бор. Биз бу фарқни бартараф этиш керак деган фикрдан йироқдамиз. Баъзи сўзлар айтилганидек ёзилмайди. Академик Иззат Султоннинг оғзаки нутқида “борадиғон”, “айтадиғон” каби феъл, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов талаффузида эса “язувчи”, “шагирт” деган от туркумига мансуб сўзлар қўлланарди. Бироқ улар ёзма нутқда юқоридаги ифодаларни адабий тил нормасига мувофиқ қўллар эдилар. Демоқчиманки, имло қоидаларини ишлаб чиқишда, таниқли олимларнинг илмий тажрибасидан улги олиш лозим.
Абдураҳмон ПИРИМҚУЛОВ,
Ислом Каримов номидаги
ТДТУ Олмалиқ филиали
илмий кенгаш котиби,
филология фанлари доктори.
