“Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!”

“Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!”

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон янги давр ўзбек шеъриятида ўзидан тонг юлдузи каби порлоқ из қолдирган истеъдод соҳибидир. У янги давр адабиётининг ҳар жиҳатдан халқчиллик руҳини бағишлаган ижодкордир.

Таниқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов: “Унинг шоирона қалби оламни жуда нозик ҳис қилар, барча мураккабликларга, жамики алғов-далғовларга, шўришу пўртаналарга, кулфату мушкулотларга ўзига хос акс-садо берарди. Унинг ўткир нигоҳи инсон руҳиятининг энг олис пучмоқларигача етиб борарди, теран тафаккурли турли ҳодисалар қаъридан ҳаракат нуқталарини кашф қиларди…” дея таъриф берган эди, Чўлпон ижодига баҳо бераркан. Чиндан ҳам ХХ асрнинг буюк адиби Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг халқни ғафлат уйқусидан уйғотишга ундовчи, халқ энг катта куч эканлигига даъват этувчи шеърлари унинг ижодида асосий ўзига хослиги билан адабиётимиздан алоҳида ўрин эгаллайди.

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир,
Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир…
Халқ қўзғалса куч йўқдирким, тўхтатсин,
Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсин.

Билишимиз мумкинки шоир, бу шеърида энг аввало, халқни бежизга денгизга, оловга, тўлқинга ўхшатаётгани йўқ. Кўпирган денгизни, тебранган тўлқинни, ўрмонга кетган оловни осонгина ўчиришнинг, уни тўхтатиб қолишнинг имкони бўлмаслигини халқнинг кучига қиёслайди. Дарҳақиқат, халқ денгиздан-да кучлидир, халқни қачон денгиз сувидек қалқишини билиб бўлмайди.

Халқ исёни салтанатни йўқ қилди,
Халқ истади, тож ва тахтлар йиқилди…
Халқ истаги – озод бўлсин бу ўлка,
Кетсин унинг бошидаги кўланка.

Бор кучи билан янгилик сари, эрк йўлида курашаётган жадид, юртини мустамлака қилганларга қарата ёзган бу ўтли сатрлари гарчи унинг бошига не балоларни ёғдиришини билса-да, кўнглида борини қоғозга туширди ва шу жумлалар билан халқни яна жонлантиришга, юртига эгалик қилаётган ўша давр ҳукуматига эса гўёки огоҳлантириш берди. Лекин бу денгиздай халқ бу ўтли мис­ралардан кўпирмади, олов бўлиб ёнмади.

Бир қўзғалур, бир кўпирар, бир қайнар,
Бир интилур, бир ҳовлиқар, бир ўйнар.
Йўқликни-да, очликни-да йўқ этар,

Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар…
Бутун кучни халқ ичидан олайлик,
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!

Юксак қалб, кучли истеъдод соҳиби Чўлпон ушбу мисраларда халққа кучлироқ баҳо беради. Ва барча кучни фақатгина халқнинг ўзидан олиш мумкинлигини, агар бу халқ қул бўлмасликни истаса ҳеч ким унга хўжайин бўлолмаслигини ва бу халқ эгалари ўзига тўқ эканлигини яна бир бор эслатиб қўяди. Лекин буюк адибнинг ёзган мисралари халқнинг маънавиятини оширишга бўлган уринишнинг ва ўз ҳаётининг ҳам завол бўлишига сабаб бўлди. Ўйлаймизки, бу юртдан Чўлпоннинг издошлари минглаб маъна­вият­­парвар инсонлар етишиб чиқаверади. Чўлпоннинг даъваткор, ҳеч кимга қул бўлмасликка, мустақилликка, маънавиятли халқ бўлишга чақирув оҳанг, жанговар руҳдаги шеърлари ҳамма даврга мос, ибрат сабоқлари янглиғ барчамизни огоҳликка, билимдонликка, шу азиз Ватанга муносиб авлод бўлишга чақирув, чорловдек янграши билан эътиборлидир.

Муҳаммад Расул МАМАТҚУЛОВ,
“Абдулҳамид Чўлпон” жамоат
фонди матбуот котиби.