Бу йил кузнинг ёғин-сочинларсиз, қуёшли ва илиқ келганлиги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида тумандаги бўш майдонларга дарахт кўчатлари экиш ишларида катта қулайлик яратди. Натижада кўча ёқалари, сой бўйлари, маҳаллалардаги ташландиқ жойлар, фермер хўжаликлари ҳудудларидаги бўш турган дала четлари ва сув йўллари ёқаларига кўплаб манзарали дарахт ва терак кўчатлари экилди. Айниқса, бу йил “Ёшлар”, “Депутатлар”, “Оналар” каби боғларнинг барпо этилаётганлиги ҳудудларга алоҳида кўрк бағишламоқда.
Депутатлар
енг шимарганда

Ҳа, бу йил халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари чинакамига енг шимаришди. Улар Халқ депутатлари туман кенгаши котибияти мудири Нигора Холхўжаева бошчилигида боғ барпо этишга киришдилар. Яна қаерда денг, Эркин қишлоғининг “Туркистон” маҳалласидаги янги қурилган кўп қаватли уйлар олдига. “Депутатлар боғи”га экилган 24 туп япон сафораси кўчатлари баҳорда яшил япроқларга бурканиб, атрофга гўзаллик улаша бошлайди.
Гулдан-да гўзал
Ўзи ҳам, иши ҳам гулдек нафис ва кўркам бўлган оналарнинг қўли теккан жой боғу бўстонга айланиши аниқ. Буни бежиз айтмаяпмиз. Туманимиз маҳаллаларидаги хотин-қизлар фаолларининг кўчат экиш мавсумидаги фаолликлари янада ошган. Улар ўз маҳаллаларини боғу бўстонга айлантириш ҳаракатидалар.

– Хайрли ишнинг эрта-кечи йўқ, – дейди “Чинор” маҳалласи хотин-қизлар фаоли Малика Солижонова. – Кимдир эҳсон қилади, кимдир бемор йўқлайди, кимдир муаммоси бор оила билан иш олиб боради, кимдир эса кўчат экиб, боғ яратишга бел боғлайди. Туманимиздаги барча маҳалла хотин-қизлар фаоллари бугун ана шундай эзгу ният билан яшаб, кўчат экиш мавсумида фаол иштирок этишмоқда. Бундай хайрли ишдан бизнинг Бўзсув қишлоғи ва қўшнимиз Эркин қишлоғи маҳаллалари хотин-қизлар фаоллари ҳам четда қолмадик. Бир боғ яратдикки…
Ҳа, икки қишлоқ фаоллари алоҳида ташаббус кўрсатишиб, “Оналар боғи” барпо этиш учун “Ибрат” маҳалласини танлаб янглишмадилар. Чунки бу ерда қаровсиз ётган бир майдонча бор эдики, бу ўтган-кетганнинг дилини хира қиларди. Энди эса бу ердан ўтаётганларнинг кўзи қувнаши аниқ. Чунки бу ерда туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Саодат Усмонова бошчилигидаги хотин-қизлар фаоллари сўлим бир боғу гулзор яратдилар. Шу куни “Оналар боғи”ни 600 тупга яқин кўп йиллик гул кўчатлари ва 200 туп мевали дарахт кўчатлари безади. Ҳашар шунчалик чиройли ўтдики, хотин-қизлар ўзлари амалга оширган ишдан кўнгиллари тўлди. Ҳашарчиларга ош тортилди. Дилторлар қўшиқлар янграб, барча яйраб рақсга тушди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги дарахт кўчатлари экиш мавсуми якунланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Вилоят ҳокимининг жорий йил 1 ноябрдаги фармойиши асосида yashilmakon.eco платформасида туманимиз бўйича куз мавсумида экиладиган кўчатлар сони 364 минг 850 туп деб белгиланган эди. Тумандаги ишлар шу асосда режалаштирилиб, октябрь ойи охирларида кўчат экиш ишлари бошлаб юборилди. Кўчат экиш мавсумида Қишлоқ хўжалиги, Адлия, Мактаб ва мактабгача таълим ҳамда Тиббиёт бўлимлари, туман Прокуратураси, Ободонлаштириш бошқармаси, Ғазна, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, маҳаллалар, бозорлар, техникумлар, спорт мактаблари каби кўплаб ташкилотлар фаол иштирок этиб, ўз ҳудудларини боғу роғларга айлантиришга муносиб ҳисса қўшишмоқда.
Кўчат экиш мавсуми, айниқса, фермерларнинг фаоллигида ўтмоқда. Улар шу кунгача дала четлари, зовур бўйларига 80 минг тупдан зиёд терак, тут ва бошқа манзарали дарахт кўчатлари экиб қўйишди. Бугун эккан кўчатларимиз бир кун келиб азим дарахтларга айланиб, барчамизни ўзининг соя-салқини билан “сийлайди”, ҳавони тозалаб, саломатлигимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мевали дарахтларимиз эса эл дастурхонини ноз-неъматларга тўлдириб ташлайди. Бунинг савобига нима етсин!
Жамила АРСЛОНОВА.
