Ҳуқуқий эслатмалар

Ҳуқуқий эслатмалар

Қонунчиликка кўра, ариза берувчилар қуйидаги:
– сўровномада мактабгача таълим ташкилотининг бола учун тўғри келадиган ёшдаги бўш ўринларга эга бўлган гуруҳини (йўлланма олиш учун) ёки бўш ўринларга эга бўлмаган гуруҳини (навбатга киритилиши учун) кўрсатиш (танлаш);

– болани туғилган вақтдан бошлаб мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш;
– бир вақтда учтагача мактабгача таълим ташкилотига болани навбатга қўйиш;
– хато киритилган маълумотларни тузатиш;
– давлат хизмати кўрсатилаётган ҳар қандай босқичда ундан фойдаланишни рад этиш ҳуқуқларига эгадирлар.

* * *

Қонунчиликка кўра, боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан озод қилинади.
– Ота ва онадан бири ёхуд ота-она вафот этган кўп болали оилалар солиқ солиш мақсадида боқувчисини йўқотган кўп болали оилалардир.
– Мазкур имтиёз Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси асосида берилади.

* * *

Ҳайдовчи мастлик ҳолати бўйича текширувдан бўйин товласа, 1 йилу 6 ойдан 3 йилгача муддатга транспортни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади ва 4 млн. 950 минг сўм миқдорида жаримага тортилади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспортни бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилса, 9 млн. 900 минг сўм миқдорида жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади. Мазкур ҳуқуқбузарликнинг мопед, велосипед ҳайдовчи, уловли аравани бошқариб борувчи шахс томонидан содир этилиши БҲМнинг 3 баравари (990 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Саид ҲАСАНОВ тайёрлади.