Ўлкамизда айни хазонрезги пайти. Йўл четларида буруқсиб тутаб ётган хазонлар уюмини кўрганда ёшликда ўқиган бир ҳикоянинг бошланиши ёдга тушаверади. “Кўчаларда ҳар кун хазон ёқилади”. Авваллари бу гапга негадир ҳеч эътибор бермас эдим. Энди эса, касбим тақозоси билан бу гап замирида қанчалар ҳақиқат борлигини ҳис этдим. Яқинда бир мунозаранинг гувоҳи бўлдим. Мана шу мунозара бугунги мақоланинг ёзилишига туртки бўлди, десам янглишмайман. Бир аёл кўчани супуриб, тўпланган хазонларни ёқиб юборяпти. Бошқа аёл эса хазонларни унинг хонадони рўпарасига тўплагани учун койиди-да: “Қўявермайсизми, керак бўлса йиғиб ўзлари олиб кетишади, сизга нима супуриб уйни олдига ахлат тўплаб”, деб ўз фикрини билдирди. Шунда кўчадан ўтаётган баъзилар биринчи аёлнинг ишини савобга йўйиб маъқуллашган бўлса, яна баъзилари эса иккинчи аёлнинг ҳаракатини маъқуллашди.
Лекин хазонларнинг тутуни атрофни “тўлдираётганлиги” ҳеч кимни безовта қилмади. Мен эса шу ҳолат асносида қўлимга қалам олиб, фикримни сизлар билан ўртоқлашишни истадим. Тозаликка интилиш яхши одат, қолаверса, биринчи аёл айтганидек савобга қаршилигимиз йўқ, албатта. Лекин савоб ишни охиригача қилиш савобнинг шартларидан бири эканлигини ҳам унутмаслик керак. Яхшилик қиламиз, деб нохуш ҳолатга сабаб бўлиб қолмаймизми? Хазонларнинг ост қисмидаги ёнмай қолган нам жойлари узоқ вақт мобайнида тутаб ёнишидан атроф-муҳит, табиат зарар кўрмайдими… Энг ёмони инсонлар саломатлигига жиддий хавф етказиши кишини ташвишга солади.
Яна бир хавотирли жиҳати шундаки, юқоридаги каби ҳолатларни кўрган ва олов ёқиб ўйнашга “иштиёқи баланд” болалар ҳам буни такрорлаши эҳтимолдан узоқ эмас. Бола нима сабабдан бундай қилаётганлигини изоҳлай олмайди. Улар фақатгина катталардан ўрнак олишади. Булардан ташқари мазкур ёнғинлар ёнғин хавфсизлиги хизматини чақиришга сабаб бўлади. Айни шу чақириқлар пайтида бошқа жойда инсонлар ҳаёти учун хавфли бўлган даражадаги тезкор ёнғинлар юз бермаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди, улар ҳақиқатдан ҳам керак бўлган жойларга етиб боришлари муҳимку ахир. Хуллас саволлар ва муаммолар кўп.
Уларнинг ечимлари эса ўзимизга боғлиқ. Бу масала фақатгина ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг вазифаси бўлиб қолмай, ҳар биримизнинг кундалик бурчимизга айланмоғи, катталар эса уларга намуна бўлмоқликлари зарур. Ана шундагина осмонимиз мусаффолиги ва табиатимиз бетакрорлигини сақлашга ҳисса қўшган бўламиз. Ўзимизга ҳам ортиқча ташвиш туғилмайди…
Ҳасан САЪДУЛЛАЕВ.
