Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг қийматини тўлиқ тўлаган ҳолда уларни харид қилган ва ўрнатган истеъмолчиларга харид харажатларининг бир қисми қуйидаги миқдорларда Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси ҳисобидан компенсация қилинади:
Қуёш ёки шамол электр станциясини ўрнатганлик учун компенсациялар миқдори ўрнатилган қуввати:
0,5 кВтдан 1 кВтгача бўлганда БҲМнинг 7 баробар (2 млн 310 минг сўм);
1 кВтдан 1,5 кВтгача бўлганда БҲМнинг 10 баробар (3 млн 300 минг сўм);
1,5 кВтдан 2 кВтгача бўлганда БҲМнинг 15 баробар (4 млн 950 минг сўм);
2 кВт ва ундан юқори бўлганда БҲМнинг 20 баробар (6 млн 600 минг сўм);
5 кВт ва ундан юқори бўлганда БҲМнинг 50 баробар (16 млн 500 минг сўм, фақатгина янги ерлар ўзлаштирилганда ва тик қудуқларда ўрнатилган сув насосларининг электр энергияси истеъмоли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари орқали таъминланганда).
* * *
Қонунчиликка кўра, таълим муассасасида таълим олаётган вақтида вояга етганлиги (18 ёшга тўлганлиги) муносабати билан васийлиги (ҳомийлиги), оилага тарбияга (патронат) берилганлиги тўҳтатилган ёки бекор қилинган ўқувчиларга шахсий харажатлари учун муассасани тамомлагунларига қадар ҳар ойда БҲМнинг 2 баравари (660 минг сўм) миқдорида пул маблағлари берилиши белгиланган.
* * *
Қонунчиликка кўра, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар уларга давлат томонидан иккиламчи бозордан олиб берилган уй-жойларни мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ўз номига расмийлаштиришда нотариус ва кадастр хизматлари учун (олди-сотди шартномаси ва кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш) давлат божи тўлашдан озод этилиши белгиланган.
* * *
Қонунчиликка кўра, қуйидагилар:
– расмий ҳужжатлар (қонунлар, қарорлар, тўхтамлар ва шу кабилар), шунингдек, уларнинг расмий таржималари;
– расмий рамзлар ва белгилар (байроқлар, герблар, орденлар, пул белгилари ва шу кабилар);
– халқ ижодиёти асарлари;
– оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир ёки жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар;
– инсоннинг бевосита индивидуал асар яратишга қаратилган ижодий фаолияти амалга оширилмасдан, муайян турдаги ишлаб чиқариш учун мўлжалланган техника воситалари ёрдамида олинган натижалар муаллифлик ҳуқуқи объектлари бўлмайди.
* * *
Офатлар (турар, нотурар-жойнинг ёнғини ёки қулаши, транспорт воситасининг ёнғини) юз берганлиги оқибатида фуқароларнинг айбисиз йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган ҳужжатлари бепул тиклаб берилади. Бундай ҳужжатлар 19 та бўлиб уларнинг ичида паспорт (ID карта), “права”, никоҳ қоғози ва бошқа ҳужжатлар мавжуд.
Саҳифани Саид ҲАСАНОВ
тайёрлади.
