Она замин туҳфалари

Она замин туҳфалари

Эркин ҳудудидаги 34 та масъулияти чекланган жамияти ҳамда фермер хўжаликлари ҳар йили мўл-кўл қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб, эл дастурхони маъмурчилиги ва иқтисодиё­тимизнинг юксалишига ўзларининг муносиб улишларини қўшиб келишмоқда. Деҳқону боғбонлар учун тўрт фасл ҳам иш фасли. Тўғри, қишнинг қаҳратонида озгина тин олиш мумкин, лекин қолган вақт келгуси ҳосилга замин яратилади, буғдойнинг агротехникаси, эртаки экинлар ҳаракати дегандек…

– Фермерларимиз ғаллачиликнинг ҳам ҳадисини олиб бўлишди, – дейди “Эркин Агромашсервис” ММТП МЧЖ агрономи Неъматилла Ҳасанов. – Агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилаётганлиги учун буғдой ҳосилдорлиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу йил 5 та фермер хўжалигининг 35 гектар ерида буғдой етиштирилиб, гектаридан ўртача 70 центнердан ҳосил олинди. Айни кунларда эса сабзавот экинларининг ҳосили йиғиштириб олинмоқда, шу асносида келгуси йил ҳосилига тараддуд ҳам кўрилмоқда.

Шохлари ларзон-ларзон

“Қуёшли” маҳалласидан туман марказига олиб борувчи йўлдан кетиб бораркансиз, кўзингиз ўнг томондаги сойнинг нариги бетидаги олмазорга тушади. Ҳосили кўплигидан шохлари ларзон-ларзон ярим пакана дарахтлардаги қип-қизил олмалар қуёш нурида товланиб “мени узиб ол”, деяётгандек… Шу тобда кўз олдингизга мазкур даланинг 6 йил аввалги ҳолати келади: бу ерда экиндан кўра кўпроқ бегона ўт ўсарди. Ҳосилдорлиги паст ерлар сирасига кирадиган 8,34 гектар майдондаги ер ниҳоят ўзининг ҳақиқий эгасини топ­ди. Боғдорчиликка ишқибоз Рустам ака Одилхонов бу ерда “Турфа табиат” масъулияти чекланган жамияти ташкил этди. Бир неча турдаги олма навлари экилди. Ўтган йили олмазорлар нишона берган бўлса, бу йил яхшигина ҳосилга кирди. Боғбон Абдусалим Ғаниевни бир неча ишчилар билан олмақоқи тайёрлашаётган пайтида учратдик.

– Олмаларимизнинг ҳосили кўп, – дейди у. – Ерга тўкилганларини увол бўлмаслиги учун териб, олмақоқи тайёрлаяпмиз. Негаки, олмақоқининг ҳам фойдали хусусиятлари жуда кўп. Қизил олмаларни деярли териб бўлдик. “Салтанат” навли олмамиз кечки. Ҳадемай у ҳам теримга етилиб қолади. Гектаридан 30 тоннадан ҳосил олиш ниятидамиз. Бу, ҳали бошланиши. Дарахтларимиз энди ҳосилга кираяпти.Олмазорни оралаймиз. Шохлари ларзон бўлиб ётган олмаларга ҳавасимиз келади. Аслида дарахтнинг қандай ҳосил бериши боғбонига ҳам боғлиқ. Хўжаликнинг 6 нафар аъзосининг қай даражада меҳнат қилаётганлик­ларини эса саф тортиб турган дарахтлардаги ҳосиллар сўзлайди… Фермернинг меҳнатидан завқланганча боғ бошига чиқарканмиз, бизни фермер Рустам ака Одилхонов қаршилади.

– Маҳсулотимизни тўғ­ри ички бозорга юбораяпмиз. – дейди у. – Қўлма-қўл бўлмаяпти. Сабаби халқимиз арзон нархда олсин, бу дармондориларга бой неъматни тановул қилган фар­занд­ларимиз соғлом бўлиб вояга етсин, деймиз. Айтмоқчи, шинамгина шийпонда олма сараланаяпти. Уринганларидан қоқи тайёрланаяпти. Боғ ораларида ўсадиган ўтнинг ҳам “эга”лари бор: қуён, қўй, от боқилаяпти. 10 қутидаги асалари ҳам бир кун келиб яхшигина даромад манбаига айланиши аниқ. Ҳа, ернинг унумсизи бўлмайди. “Сен ерни боқсанг, ер элни боқади”, деганларидек, сидқидилдан қилинган меҳнат, ҳар туп кўчатга берилган меҳр, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш мўл ҳосилнинг калитига айланади.

Ишнинг ўзини ҳам, кўзини ҳам биладиганлар

“Турфа табиат”нинг ерига ери туташ “Эркин. Ваҳобов Равшан” фермер хўжалигида ҳам иш қизғин. Бир томонда ишчилар қулупнай кўчатлари олаётган бўлишса, иккинчи томонда куни кеча қулупнай кўчатлари экилган майдонларга сув таралаяпти.

– Сувни тежаш мақсадида томчилатиб суғоришни йўлга қўйганмиз, – дейди иш юритувчи Анорбой ака Ғозиев. – Мана, қониб сув ичган янги қулупнай кўчатлари гуркираб ўсаяпти. Мана бу майдонни ҳам томчилатиб суғораяпмиз. Бу ерга янги кўчатлар экамиз. Булар эртаки қулупнайлар. Плёнка остида етиштирамиз. Эрта чиқади. Даланинг этагидаги 1 гектар ерни тўқсонбости экинлар экишга тайёрлаб қўйганмиз. Кўкпиёз, асосан саримсоқпиёз экамиз. Бу ҳам яхшигина даромад келтиради.

Фермер хўжалигининг 13 гектар ерининг бир қаричи ҳам бўш эмас. Бундан икки йил аввал барпо этилган
5 гектар ердаги олма боғлари ичида ҳам сабзавот экинлари етиштирилмоқда. 1 гектар ерга плёнка остига тарвуз экилган эди, 40 тонна ҳосил олинди. Қулупнайнинг гектаридан эса 8-10 тоннадан ҳосил олинмоқда. Айни кунларда далада помидор ва булғор қалампирининг айни етилиб пишган пайти. Омилкорлар помидорнинг гектаридан 50 тоннадан ҳосил олишни мўлжаллаб туришибди. Ям-яшил барглар орасидан бирин-кетин қизариб “боқаётган” булғор қалампирининг харидорлари ҳам “нақд”, ҳосил Россия давлатига жўнатилмоқда.

– Булғор қалампиримиз серсув, ранги тиниқ. Шунинг учун унинг харидорлари кўп, – дей­ди А.Ғозиев. – Қолаверса, ҳосилдор. Гектаридан 30 тоннадан ҳосил олиш мумкин. Кўчанинг нариги томонидаги катта майдонларда ҳам помидор, булғор қалампири етиштираяпмиз. Помидорнинг гектаридан 50 тоннадан ҳосил олишни ният қилганмиз. Бошқа қишлоқ хўжалик экинларимизнинг ҳам ривожи мўл ҳосилдан дарак бериб турибди. Фермер хўжалигининг йўл четида “Дала дўкон”и ҳам бор. Шундоққина даладан териб чиқилган маҳсулотларни ўтган-кетган йўловчилар янгилигида харид қилишиб, бундай савдодан мамнун бўлишмоқда. Шуни айтсалар керак-да, ишнинг ўзини ҳам, кўзини ҳам биладиганларнинг пичоғи мой устида, деб.

Жамила АРСЛОНОВА,
Дилбар ШАРИПОВА.