Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ҳаётбахш ислоҳотлар самарадорлигини оширишда маҳалланинг ўрни ва мавқеи ортиб бормоқда. Айни жараёнда амалиётга жорий этилган янги тизим бу борадаги ишлар кўламини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Бугунги кунда маҳалладаги бешлик: малла фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари ҳамда профилактика инспекторлари юрт тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб келишмоқда. Бу тизим ўзини қай даражада оқлаётганини эса ортда қолаётган йиллар кўрсатмоқда.
Айниқса, бешликнинг маҳалла аҳли ўртасида вақти-вақти билан ҳисоб бериб бораётганлиги одамларнинг бу тизимга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилмоқда.Ўтган ҳафтадан бошлаб маҳаллаларда бешликнинг ярим йиллик ҳисоботлари бошланди. Ана шундай ҳисоботларнинг дастлабкиси “Обод турмуш” маҳалласида бўлиб ўтди. Унда йиғилганлар маҳалла раиси Х.Абдуллаев, ҳоким ёрдамчиси С.Эгамбердиев, хотин-қизлар фаоли Н.Абдуллаева, ёшлар етакчиси А.Ўринбоев, профилактика инспектори М.Файзиевнинг ўтган олти ой мобайнида амалга оширган ишлари ҳақидаги ҳисоботларини тингладилар.
“Обод турмуш” маҳалласи номига мос тарзда йилдан-йилга гуллаб-яшнамоқда. Аҳолининг турмуш маданияти ортиб бормоқда. Ишни маҳаллабай тизими орқали ташкил этиш ўз самарасини бермоқда. Натижада 2 та доимий иш ўринлари, 8 та тадбиркорликка йўналтириш, 27 та ўзини ўзи банд қилиш, 1 та ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш, 4 та юридик шахс ташкил этган тадбиркорликка йўналтириш орқали иш ўринлари яратилди.
Ҳоким ёрдамчиси томонидан 67 нафар ёш ва хотин-қизларни тадбиркорлик асосларига, 1 нафари эса касб-ҳунарга йўлланма асосида ўқитилиб, уларнинг бандлиги таъминланди. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 12 та лойиҳага 320 миллион сўм кредит ажратилди. Маҳалланинг 2,2 километр йўллари асфальтланди, 3 километрдан ортиқ сув қувурлари тортилиб, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. “Аёллар дафтари”нинг 4-босқичига 83 нафар эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилган бўлиб, уларнинг ҳаммасига тегишли ёрдамлар кўрсатилди.
Ёшлар етакчиси, профилактика инспекторининг амалга оширган ишларини ҳам йиғилганлар диққат билан тинглашди. Таҳлилий ва танқидий руҳда ўтган юзма-юз мулоқотда ютуқлар эътироф этилиб, амалга оширилиши зарур бўлган муҳим ва устувор вазифалар сарҳисоб қилинди. Маҳалладаги бешлик фаолиятини янада яхшилаш мақсадида жараёнда бурч ва масъулият туйғусини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. “Эски қалъа” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган ҳисобот йиғилишида маҳалладаги бешликнинг олти ойлик фаолиятига оид ҳисоботи тингланди.
Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилган имтиёзли кредитлар, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар, профилактика инспектори томонидан ўтказилган профилактик тадбирлар тўғрисида йиғилганларга маълумот берилди. Йиғилиш иштирокчилари бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришиб, таклифларини ўртага ташлашди, келгусидаги ишлар режалаштириб олинди. Йиғилиш якунида 10 нафар фидокор ёшлар ва уларнинг ота-оналари рағбатлантирилди. Худди шундай ҳисоботлар “Мевазор”, “Катта чинор”, “Чорбоғ”, “Асил”, “Наврўз”, “Қиргузар”, “Балиқчи” каби маҳаллаларда ҳам бўлиб ўтди. Ҳисоботлар давом этмоқда.
Жамила АРСЛОНОВА.
