Зилола опа Муборова дастлабига бирорта ишнинг бошини тутолмай анча қийналди. Лекин рўзғорнинг кам-кўстини тўлдириш бир кишининг иши эмас. Оила аъзоларининг биргаликдаги ҳаракати фаровон турмушни таъмишлашга хизмат қилади. Зилола опа ўзи яшайдиган “Олмазор” маҳалласидаги қўни-қўшниларининг томорқачилик билан шуғулланиб, рўзғорларига барака киритаётганликларини кўриб, уларга жуда ҳаваси келарди. Ўзининг хонадонидаги ер унча катта бўлмагани боис, деҳқончилик қилишнинг имкони бўлмаганидан афсусланар, ҳали у, ҳали бу иш билан шуғулланишнинг режасини тузарди.
Охири бир тўхтамга келди, бир танишидан буюртма асосида автомобиль ўриндиқлари учун ғилофни олиб, уйида тикишни бошлади. Бу ишга анча қўли келишиб қолгач, ўзи мустақил равишда иш бошлаш ҳаракатига тушди. Бошида анчагина қийинчиликларга учраган бўлишига қарамай, ҳаракатни тўхтатмади. Кўп ўтмай ишини йўлга қўйиб олди. Аҳамиятлиси, 10 нафар хотин-қизни иш билан таъминлади.
– Меҳнат қилиб, астойдил интилса кўзланган натижага эришаркан, бунга ўзим амин бўлдим, – дейди у. – Буни қаранг, илгари ўзим иш сўраб эшикма-эшик юрардим, ҳозир эса уйимга иш қидириб келаётганлар кўп. Ишимиз ҳам унақа қийин эмас. Мен ғилофларни бичиб, тикиш учун тайёрлаб бераман. Қизлар эса тикиб олиб келишади. Ҳар доим уларни текшириб оламан. Ахир, харидорга сифатли маҳсулот беришимиз керак-да. Очиғи, ишим ўзимга ёқади, жудаям мамнунман. Ҳа, ҳалол меҳнати, тинимсиз ҳаракати ортидан келган хурсандчилик чинакам бахт аслида. Зилола опа каби касбидан барака ва бахт топаётганлар сони эса кўпайиб бормоқда. Аёлнинг қўли гул, у ҳар қандай ишни эплайди, деганлари шу бўлса керак.
Нозима РАСУЛОВА.
