Иш ҳақини натура шаклида тўлаш тартиби белгиланди

Иш ҳақини натура шаклида тўлаш тартиби белгиланди

2023 йил 13 июлда Вазирлар Маҳкамасининг “Иш ҳақини натура шаклида тўлашни тартибга солиш тўғрисида” ги 286-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга кўра, қуйидаги ҳолларда: ходим ёки унинг оиласи истеъмоли учун иш берувчи томонидан ишлаб чиқарилган ва етиштирилган озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ҳисоб-китоб қилиш;

ўзига хизмат кўрсатилиши ва уй хўжалигини юритишда кўмак­лашиш мақсадида уй хизматчиларини ёллаган иш берувчилар томонидан уй хизматчиларига озиқ-овқат ва вақтинча яшаш учун уй-жой билан таъминлаш шаклида ҳисоб-китоб қилиш ходимнинг ёзма розилигига асосан меҳнатга натура шаклида ҳақ тўланиши мумкин.

Шунингдек, иш ҳақини натура шаклида тўлаш шарти ходимнинг розилиги асосида у билан тузиладиган меҳнат шартномасида кўрсатилади. Бунда иш ҳақининг натура шаклидаги умумий суммаси 30 фоиздан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Ходимнинг ёзма розилигидан қатъи назар унинг иш ҳақидан:

▫️50 фоизгача миқдорда ушлаб қолинса – ходимга натура шаклида тўланадиган иш ҳақининг умумий суммаси 10 фоиздан ортиқ бўлиши мумкин эмас;

▫️50 фоиздан ортиқ миқдорда ушлаб қолинса – ходимга иш ҳақини натура шаклида тўлаш тақиқланади.

Иш ҳақини натура шаклида тўлашда:

– ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонунчиликда Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлганда, иш ҳақини натура шаклида тўлаш;

– қишлоқ хўжалиги товар ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилаётган маҳсулотларнинг нархини уларнинг таннархидан юқори белгилаш;

– алкоголь, тамаки маҳсулотлари, дори воситалари, каннабис ўсимлиги ҳамда қонунчиликда реализация қилиш (бериш) тақиқланган ўсимлик ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ҳисоб-китоб қилиш;

– уй хизматчиларини ёллаган иш берувчилар томонидан тақдим этилаётган озиқ-овқатлар нархини ва уй-жойдан вақтинча фойдаланганлик учун тўловлар миқдорини ҳақиқий бозор нархидан юқори нархда белгилаш тақиқланади.