Тиббиётда мухим хабар

Тиббиётда мухим хабар

Зангиота тумани Тиббиёт бирлашмаси мажлислар залида Соғлиқни сақлаш вазирининг 2022 йил 27 июлдаги “Аҳоли орасида профилактик кўриклар, скрининг дастурлари ва патронажни амалга оширишни янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги 210-сонли буйруғи ижросини таъминлаш юзасидан давлат тиббий суғурта жамғармасининг Тошкент вилояти ҳудудий бош мутахассиси О.Исаков томонидан семинар ташкил этилди.

Аҳолининг профилактик тиббий кўриклари, скрининг дастурлари ва патронаж хизматини ўтказишнинг янгиланган тартиби тўғрисидаги йўриқнома Президентимизнинг 2022 йил 25 апрелдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 215-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг мақсади аҳолига кўрсатилаётган профилактик тадбирларни мақбуллаштириш, касалликларни келтириб чиқарувчи омилларни эрта аниқлаш ва уларни бартараф қилиш чораларини кўришдан иборатдир.

Семинарда фертил ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар, болалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахслар, ёлғизлар, ногиронлар, сурункали касаллиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган беморларни тизимли патронаж билан қамраб олиш тадбирларни янада такомиллаштиришдан иборатлиги кўрсатиб ўтилди.

Бунда профилактик, чуқурлаштирилган ва мақсадли тиббий кўриклар, скрининг текширувлари, диспансеризация, диспансер кўриклар, патронаж, универсал-прогрессив патронаж тизимларини амалга ошириш бўйича тушунтириб берилди. Семинарда, шунингдек, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида фаолият юритаётган “тиббиёт бригадалар”и фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида ҳам гапириб ўтилди.

Ҳабибулла РАСУЛОВ.