“Аёллар дафтари”га кимлар киритилади?

“Аёллар дафтари”га кимлар киритилади?

Орамизда ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсизлар, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида юрганлар, боқувчисини йўқотганлар, I-II гуруҳ ногиронлари, тезкор тиббий муолажага, уй-жойга муҳтож, қарамоғида ногирони бўлган, руҳий касалга чалинган ва бошқа тоифадаги аёллар ҳам борки, улар “Аёллар дафтари” орқали қўллаб-қувватланмоқда, керакли ёрдам кўрсатилиб, оғирлари енгил қилинмоқда.
Бу борада 2022 йилда туманимизда қандай ишлар амалга оширилди?

Туман ҳокими ўринбосарлари, секторлар масъул котиблари, туман Бандликка кўмаклашиш маркази, Тиббиёт бирлашмаси, Халқ таълими бўлими, “Аёллар дафтари”га бириктирилган ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла хотин-қизлар фаоллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда ана шу масала муҳокама этилди, ўтган йилги кўрсаткичлар маҳаллалар кесимида муҳокама қилинди.

Йиғилишда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи З.Миргазиева сўзга чиқиб, “Аёллар дафтари”нинг IV босқичини шакллантириш ва унга киритилган хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ҳамда зўравонликка учраган аёллар муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича масъул идора ва раҳбарларнинг натижага йўналтирилган фаолияти йўлга қўйилиши ва мувофиқлаштириш тўғрисида ҳамда “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар тегишли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши кераклиги ҳақида гапирди.

Вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ишлаш бўйича мутахассис З.Маҳсудова “Аёллар дафтари”га 30 ёшдан ошган 6 тоифадаги хотин-қизлар киритилиши ва улар кимлиги эканлиги ҳақида тушунча бериб ўтди.

Таъкидлаш керакки, “Аёллар дафтари”га хотин-қизлар яшаб турган жойлари бўйича киритилади, бунда уларнинг яшаш жойи бўйича доимий ёки вақтинча рўйхатда турмаслиги дафтарга киритишни рад этиш учун асос ҳисобланмайди. Хотин-қизларнинг барча йўналишлардаги муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари секторлар ишчи гуруҳлари ва маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари билан биргаликда ҳар йили уйма-уй юриш орқали ўрганилади.

Сўзга чиққан туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бош­лиғи С.Усмонова “Аёллар дафтари”нинг 4-босқичини шакллантиришда ҳужжатлар юритилиши, ишчи гуруҳнинг вазифаларига тўхталиб ўтди.

Туман хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш маркази раҳбари Д.Мирзабоева ўз сўзида 2022 йил давомида 290 нафар хотин-қиз ҳисобчилик, компьютер саводхонлиги, қандолатчилик, пазандачилик, сартарошлик, тикувчилик, тадбиркорлик кўникмалари йўналишлари бўйича ўқитилганлигига тўхталиб ўтди.

Йиғилиш сўнгида “Аёллар дафтари” бўйича энг яхши фаолият юритган ҳудудлар координаторларига туман ҳокимининг ташаккурномалари топширилди.

Ж.АМИРОВА.