КЎЧАТ ЭККАНГА БИР,КЎКАРТИРГАНГА МИНГ САВОБ

КЎЧАТ ЭККАНГА БИР,КЎКАРТИРГАНГА МИНГ САВОБ

Президентимизнинг жорий йил 11 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасида берган кўрсатмалари халқимизнинг кўчат экиб, боғ яратиш, атроф-муҳитни тоза сақлаш каби эзгу қадриятларининг давомийлиги йўлидаги муҳим ташаббусдир. Жорий йил куз ойида 75 миллион туп, 2023 йил баҳор ойида 125 миллион туп, келгуси беш йилда бир миллиард туп дарахт кўчати экилиши режалаштирилаётгани бежиз эмас. Дарахтлар бизга нима учун керак?

17 октябрь куни ижтимоий тармоқлар кечқурун 5 соат давомида Тошкент шаҳри ҳавосининг майда чанг заррачалари билан ифлосланиши ҳақида огоҳлантириб, аҳолини кўчага чиқмаслик, ниқоб тақиб юриш, бурун ва томоқни тузли сувда тез-тез ча­йиш, ойналарни ёпиқ ҳолда сақлаш ҳақида маслаҳатлар беришди. Бу ҳақда “Ўзбекис­тон” расмий канали ифлосланган ҳаво туфайли пойтахтимиз дунёда биринчи ўринда деб топилганлиги ҳақида маълумот берди. Бу жуда ва жуда ачинарли ҳолатдир.

Тириклигимизни таъминловчи ҳавони эса табиат эмас, айнан ўзимиз ифлослантираётганимиз ҳақида эса сира ўйлаб кўрмаймиз. Аслида табиат бизларни касалликлардан асраш учун дарахтларни “ишга солади”, бетоб бўлсак турли гиёҳларини тутади.

Мана, нима учун дарахт экишимиз керак. Дарахтлар наинки ҳавони тозалайди, балки иссиқдан ҳимоя қилади, меваси дастурхонларимизни тўлдиради. Шунинг учун ҳам ота-боболаримиз азал-азалдан дарахт кўчатлари экишга алоҳида эътибор қаратишган. Бугун эса буни биз ҳам тушуниб етгандекмиз…

Туманимизда “Долзарб 40 кунлик”да44 минг 955 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиши режалаштирилган. Бу хайрли ишдан эса туманимиздаги бирорта ишхона, корхона, маҳалла аҳли четда қолмайди.

Ўтган шанба куни бу хайрли ва савоб ишни туман Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари бошлаб беришди. Улар “Хўжамозор” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи темир йўл ёқаларига 100 туп шафтоли, 50 туп олма, 50 туп олхўри кўчатлари экишди. Кўчат экиш ишлари давом этмоқда. Бошқарма ходимлари ўзларига ажратилган ҳудудни кўркам ва обод қилиш мақсадида 1 минг 470 туп дарахт кўчатлари экиш ниятидалар.

Бу муҳим ишга кексаларнинг дуоларини олган ҳолда энг фаол маҳалла фуқаролар йиғинлари, қишлоқ хўжалик ходимлари ҳам биринчилардан бўлиб киришдилар.

Кўчат экканга бир, кўкартирганга минг савоб, деб бежиз таъкидламадик. Сиз кўчат экиб, савоб оласиз. Лекин ҳамма гап ана шу савобнинг бардавом бўлишида. Шу кўчатни кўкартирсангиз, келгусида унинг соясидан минглаб одамлар ҳузурланади, мевасидан миллионлаб одамлар баҳраманд бўлади. Асосийси, ҳавомиз тоза, осмонимиз мусаффо, соғлиғимиз жойида бўлади.

Шундай экан, савобли ишдан четда қолманг!

Ж.АМИРОВА.