Инсон ёши бир жойга борганда ортига – яшаб ўтган ҳаёт йўлларига назар солиб, ундан қониқиш ҳосил қилса, дили таскин топади, руҳияти енгиллашади. Туманимизнинг Ўртаовул ҳудудида истиқомат қилаётган пири бадавлат онахон Салтанат ая Сатимова юз ёшни қаршилар экан ортга назар ташлаб ўтаётган умрига шукроналар келтирмоқда.
Онахон билан суҳбатимиз қизигандан-қизиди:
– Асли фарғоналикман, – деди онахон, – 9 ёшимда тақдир тақозоси билан Тошкентга келиб қолганмиз, хойнахой иш излаб бўлса керак-да. Ўтган асрнинг 30-йиллари эди. Оилада уч фарзанд эдик. Укам, опам касал бўлиб вафот этишган. Бола эдим, мурғак қалбим билан яшаш, бир бурда нон топиш қийинлигини ҳис этардим. 13 ёшимдан далага чиқиб онамнинг ёнларида меҳнат қилганман. “Салор”, “Бўзсув” каналлари қазилишида қатнашганман: этакка тупроқ солиб беришарди, мен уни белгиланган жойга олиб бориб тўкиб келардим… Уруш пайтини айтмайсизми, фронт ортида тер тўккан инсонлардан бириман. У кунларни, бошимиздан ўтказган қийинчиликларни ҳозир невара, эваларимга айтсам, эртак эшитаётгандай эшитишади… У кунларни биз кўрдик болаларимиз кўрмасин…
Салтанат аянинг гапларини бўлмай тингладим. Онахон 22 ёшларида шу қишлоққа келин бўлиб келганлари, турмуш ўртоқлари бир умр мироб бўлиб ишлаган Муҳиддин ота билан 50 йил умргузаронлик қилганлари, тўрт ўғил ва бир қиз фарзандларини вояга етказганларию уларнинг барча орзу-ҳавасларини уйларига яқин ерда жойлашган тиббиёт маскани ва даладаги меҳнатлари эвазига қилганлари, бугунги кунда тинч-осойишта яқинлари ардоғида яшаётганликлари ва ҳаммани, айниқса, туну кун ёнидан жилмайдиган Нодира келинлари, қизлари, ҳолидан тез-тез хабар олиб турадиган маҳалла идораси ходимлари, ҳатто, туман раҳбарларини дуо қилиб ўтиришлари ҳақида сўзладилар. Яна дуога қўл очдилар…
– Мана 35 йилдан бери қайнонам билан яшайман, – дейди кичик келин Нодира Сатимова, – Қайнонамдан жуда кўп нарса ўргандим: сабрли бўлишни, орасталикни, меҳнатсеварликни… Қайнонам ҳаммага кўрпа-кўрпача, тўн тикиб, қавиб берардилар, бу ҳунарларини ҳам ўргандим. Яқин-яқингача кўзойнаксиз китоб ўқирдилар. Ҳозир кўзойнак тақаяптилар. Кеча Гулнора Расулованинг “Ёзганларим сизга армуғон” номли китобини сўрадилар. Олиб бердим, ўқидилар… Жуда кўп мақол, маталлар айтиб, ҳаммамизни тўғри бўлишга ундайдилар. Ўгитларига амал қилиб кам бўлмаяпмиз.
Ҳа, бир асрлик ҳаёт тажрибасига эга бўлган Салтанат аянинг ўз шиорлари бор экан:
Сен алифдек тўғри бўлсанг, ҳеч жафо йўқдур сенга,
Сен алифдан эгри бўлсанг, ҳар жафо кўпдир сенга…
Онахон бу ўгитни ҳаммага ўргатишдан чарчамас эканлар.
Яқинда Салтанат аянинг хонадони яқинлари: фарзандлар, 25 набира, 72 нафар эвара, 18 нафар чевара, қариндош-уруғ, маҳалла аҳли билан тўлди: барча онахонни қутлуғ ёши билан табриклаб дуосини олди. Туман ҳокимининг табрик-совғасини етказган туман Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Саодат Усмонова ва ҳокимлик вакилларининг ташрифи, уларнинг дил сўзлари эса онахонга қўшалоқ байрам бўлди.
Дилбар ШАРИПОВА.
