Бугун мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароит ва имкониятлар кўлами чегара билмайди. Мустақил фикрлайдиган, замонавий илм-фан ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, ўз юрти ва халқига фидойи, аждодларимиз бошлаб берган ишни давом эттиришга қодир бўлган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни енгиб бўладими, деган саволни олдимизга қўйсак, албатта, йўқ, деб жавоб бера оламиз. Чунки ўз мақсадларига етишда дадил ва доим янгилик сари интилувчи ёшлар бизнинг фахримиз ва ғуруримиздир. Улар бизга куч беради, ифтихор бағишлайди.
Шу ўринда айтиш мумкинки, ёшлар ҳар бир давлатнинг келажагини, салоҳиятини белгиловчи муҳим ижтимоий қатлам саналади. Зеро, ҳар бир жамиятнинг ҳолати, тақдири ва истиқболи унда яшаётган ёшларнинг салмоғи, маънавияти ва онглилиги даражаси билан белгиланади. Албатта, ёшлар жамиятнинг эртанги келажаги, унинг фаол аъзоси, таъбир жоиз бўлса жамият эртасининг муносиб ворисларидир. Мазкур нуқтаи назарга кўра, ёшлар давлат ва жамият томонидан доимий эътиборда экан, ёш авлод тарбиясида ҳар биримиз масъулиятли ёндашмоғимиз лозим.

Албатта, бугун катта умид, орзу-мақсадлар билан Ватаним тараққиётига ҳисса қўшаман, дея белини маҳкам боғлаб майдонга чиқаётган шижоатли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш барчамизнинг бурчимиздир. Туманимизда ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактик тадбирлар ташкил этиш бўйича тасдиқланган бир ойлик чора-тадбирлар режаси асосида ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.
Хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш ҳамда улар ўртасида содир бўлиши мумкин бўлган турли жиноятларнинг олдини олиш юзасидан туман сектор раҳбарлари томонидан ишлаб чиқилган ва вилоят сектор раҳбарлари томонидан тасдиқланган 8 боб, 56 бўлимдан иборат чора-тадбирлар режаси юзасидан бир қатор салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу белгиланган режанинг ёшлар бандлигини таъминлаш йўналишида тумандаги давлат ва хусусий сектордаги мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар янгиланиб, барча маҳалла фуқаролар йиғинларига етказилди. Бугунги кун ҳолатига туман бўйича жами 771 та бўш иш ўринлари мавжудлиги аниқланди.

Ўрганишлар давомида жами 1 минг 680 нафар, шундан 781 нафари қизлар ишсиз эканлиги аниқланди. Ҳамкорликда олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кун ҳолатига 56 нафар, мавсум бошидан буён 118 нафар ёшлар доимий ишга жойлаштирилди. 108 нафар чет элдан қайтган ёшларнинг 21 нафари, мавсум бошидан эса 34 нафарининг бандлиги таъминланди. Шунингдек, 6 минг 866 нафар норасмий банд бўлган ёшларнинг 228 нафари, мавсум бошидан 4 минг 104 нафари турли соҳа ва йўналишларда ўзини ўзи банд қилинди. 781 нафар ишсиз хотин-қизларнинг 42 нафари ўзлари истаган касб бўйича ишга жойлаштирилди. Ушбу кенг кўламдаги чора-тадбирлар режасига мувофиқ, маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, оммавий спортга жалб қилиш ҳамда маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Беш ташаббус олимпиадаси” электрон платформасига мавсум бошидан 21 минг 973 нафар ёшлар киритилди. 222 нафар ёшлар китобхонлик ҳамда “Заковат” интеллектуал ўйинларига жалб этилди. Тумандаги 39 та умумтаълим мактабларида дарсдан ташқари вақтларда кутубхона, фаоллар ва спорт залларида жами 4,5 минг нафардан зиёд ўқувчи-ёшларнинг бўш вақти мазмунли ташкил этилиши йўлга қўйилди. Булардан ташқари, тумандаги 4 та маҳаллада “Уч авлод” учрашувлари ташкил этилиб, ушбу тадбирларга 400 нафардан зиёд ёшлар жалб этилди.
Мактабларда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида мавсум бошидан 3 маротаба “Жасорат дарслари” ўтказилиб, ўқувчи-ёшларнинг иштироки таъминланди. Мактаб ўқувчилари ўртасида икки маротаба “Камондан ўқ отиш” Миллий гвардия кубоги ўтказилиб, мусобақаларга 112 нафар ёшлар жалб этилди. Миллий гвардия вилоят бошқармаси, Миллий гвардия туман бўлими, туман Мудофаа бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ҳамкорлигида тумандаги ҳарбий қисмларда “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ўтказилди.
Тумандаги барча маҳаллардаги мавжуд спорт объектлари ва ундаги спорт инвентарларини хатловдан ўтказиш ва спорт майдончалари мавжуд бўлмаган маҳаллаларда спорт майдончалари ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Бу борада ёшлар бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун маҳаллалардаги инфраструктураларни яхшилаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тумандаги мавжуд 253 та маҳалла ва умумтаълим мактабларидаги спорт иншоотлари ҳамда ундаги спорт инвентарлари хатловдан ўтказилди. Тумандаги спорт зали мавжуд бўлмаган 7-умумтаълим мактабига замонавий ва ҳар жиҳатдан қулай шароитларга эга бўлган спорт зали қуриш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Туман марказидаги “Ойбек” маҳалласи ҳудудида жойлашган замонавий сув спорт мажмуасини фойдаланишга топшириш ишлари якунланмоқда.
Яна шуни айтиш жоизки, тумандаги мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаган 29 та маҳалла ҳудудларида оилавий ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун тарғибот ишлари ҳоким ёрдамчилари орқали изчил равишда олиб борилмоқда. Тўғри, ушбу кенг қамровли чора-тадбирлар режасида белгиланган барча вазифаларни ҳам ўз вақтида самарали ижро этилмоқда, дейиш мушкул. Лекин, ҳар бир бириктирилган ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигидаги ишларни янада жонлантириш, пировард мақсад олдимизда турган устувор масалаларга ўз вақтида ижобий ечим топиш ҳар бир масъул бўлган вакилларнинг астойдил саъй-ҳаракатларига боғлиқ.
Зеро, юқоридаги ҳамкорлик чора-тадбирлари ёшларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини мустаҳкамлашга, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда ҳамкор ташкилотлар масъулиятини кучайтиришга, ушбу соҳада соғлом, баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Хулоса ўрнида таъкидламоқчимизки, фарзандларимизнинг истеъдод ва қобилиятини, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун барча имкониятлар яратилаётган ва давлатимиз раҳбари томонидан ўқитувчилар қўллаб-қувватланаётган бир пайтда ўз ишимизга, фарзандларимизнинг билим олиши ва тартибига янада эътиборли ва масъулиятли бўлайлик!
Суннатилла АБДУВАЛИЕВ,
тумани ҳокимлиги Ёшлар сиёсати,
ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий
ишлар бўйича бош мутахассиси.
