Президентимизнинг 2023 йил 28 июлдаги “Маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва спорт майдончаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-245-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга кўра, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ғолиб ва совриндор бўлган ҳамда ҳудудида спорт инфратузилмаси мавжуд бўлмаган маҳалла терма жамоалари учун 2030 йилгача 5 мингта спорт майдончалари ташкил этилади.
Жорий йилнинг 1 августидан олис ва чекка ҳудудларда жойлашган маҳаллалар ҳамда мактаблар ҳудудида қурилган спорт майдончалари улар жойлашган ҳудудига қараб тегишлилиги бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимига ўтказилади, спорт майдончаларининг жойлашув ҳудудидан қатъи назар (таълим ташкилотлари ҳудудида дарсдан ташқари вақтларда), барча фуқаролар учун фойдаланиш бепул бўлади ва вақти чегараланмайди. Шунингдек, спорт майдончаларидан самарали ва мақсадли фойдаланилиши маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ва профилактика инспекторлари томонидан ташкил этилади.
