Дунёда инсон саломатлигидан-да муҳим бойлик йўқ. У саломат экан, келажак соғлом, юрт қудратли бўлади. Шундай экан, бу масалага ҳар жиҳатдан жиддий эътибор билан қараш келажакни муҳофаза қилиш демакдир. Кейинги йилларда юртимизда бир қатор салмоқли ўзгаришлар юз бермоқдаки, буларнинг барчаси халқимиз, унинг бахту саодати, соғлом ва фаровон турмуши учундир.
Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний соғлом ва маънавий баркамол авлодни камол топтириш масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун!” деган эзгу ғоянинг амалиётга татбиқ этилиши баробарида халқимиз дардига дармон бўлиш учун амалга оширилаётган эзгу ишларнинг кўлами доимгидан-да ортган. Буни барчамиз кўриб-билиб турибмиз.
Туманимизда яшовчи қарийб 240 минг нафар аҳолига 1 кунда 2 минг 250 қатнов қувватига эга бўлган 3 та оилавий шифокорлик пункти, 6 та оилавий поликлиника, 1 та Кўп тармоқли марказий поликлиника, 2 та шифохона, тез тиббий ёрдам бўлимининг 7 та шаҳобчаларида жами 274 нафар шифокор, улардан 3 нафар фан номзоди, 195 нафар тоифали, шунингдек, минг нафарга яқин ҳамширалар томонидан тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Ҳар соҳада кузатилганидек, мамлакатимиз тиббиёт соҳасида ҳам энг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг татбиқ этилмоқда. Хусусан, Кўп тармоқли марказий поликлиника марказлашган локал тармоққа уланиб, МedНub дастури асосида электрон поликлиника ташкил этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Бугунги кунда ушбу дастур амалиётга татбиқ этилишига тайёр.
Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида, эндиликда тиббий хизматнинг асосий вазифаси касалликларни даволаш эмас, балки уларнинг олдини олишга, аҳолининг саломатлик кўрсаткичларини яхшилашга, узоқ умр кўришига ҳисса қўшишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир. Бугунги кунда Кўп тармоқли марказий поликлиника томонидан 26 минг 139 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатилади. Бундан ташқари поликлиника қошида Болалар бўлими ташкил этилди.
Туманимиздаги 10 та амбулатория-поликлиникаларда беморларга бепул дори-дармон тарқатиш хонаси ташкил этилган. Ҳар 2 минг аҳолига нисбатан 83 та тиббий бригада шакллантирилиб, бригада таркиби оила шифокори, амалиётчи ҳамшира, доя ва 2 нафар патронаж ҳамширадан иборат. Ҳар бир тиббий бригада иш фаолияти тақсимланган ҳолда тўғри ташкил этилган. Аҳолининг узоғини яқин қилиш мақсадида 14 та тиббий пунктлар ташкил этилиб, тиббиёт ходимлар ва бепул дори-дармон билан таъминланган.
Тиббиёт соҳасидаги амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунга келиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва касалликларнинг олдини олишнинг изчил ва босқичма-босқич тизими яратилди. Шифокорларимиз янги, замонавий асбоб-ускуналар воситасида мураккаб ва юқори технологик жарроҳлик амалиётини ҳам мустақил бажармоқдалар. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида шифохонамизда жами 542 та жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Туман аҳолиси орасидан республика миқёсида юқори технологияли мураккаб жарроҳлик муолажаларига муҳтож бўлган 20 нафар бемор республика бош мутахассислари тиббий кўригидан ўтказилиб, жарроҳлик муолажалари ўтказиш босқичида.

Шу ўринда айтиш мумкинки, кўзланган мақсадларга эришишда соҳа ходимларининг билим ва малакалари муҳим аҳамиятга эга, албатта. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, замонавий тиббиёт ускуналаридан самарали фойдаланиш ҳар бир ходимдан пухта билим ва малака талаб этади. Бу йил тиббиёт ходимларидан 155 нафари ўз малакаларини оширишди.
Яна бир муҳим масала – “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон асосида тасдиқланган 2019-2025 йилларда Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда тегишли Дастур бирламчи тиббий санитария ҳамда шошилинч ва тез ёрдам бўғинидан тортиб, юқори тузилмаларигача иш фаолиятини ташкил этишда асосий эътиборни инсон омилига йўналтириш, тиббий хизматлар турларини кенгайтириш ва сифатини халқаро мезонлар даражасига етказиш борасида янги имкониятларни яратиб бермоқда.
Шуни мамнуният билан айтиш керакки, мамлакатимизда тиббиёт ходимининг нуфузи ва мақомини ошириш, шифокор ва ҳамшираларнинг машаққатли ҳамда масъулиятли меҳнатини муносиб қадрлаш мақсадида республикамизда 2006 йилдан буён – Ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари куни” этиб белгиланганлиги ҳам ана шундай юксак эътибор ва ғамхўрликнинг ифодасидир. Ҳукуматимиз олдида турган энг устувор вазифалардан мақсад ҳам – дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт яратишдан иборатдир. Фақат соғлом инсонгина бахтиёр умр кечира олади, юрт равнақи учун муносиб хизмат қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди.
Фурсатдан фойдаланиб, туманимизнинг барча тиббиёт ходимлари ва соҳа фахрийларини касб байрамлари билан самимий қутлаймиз. Ана шу омилларнинг юзага чиқишида соҳа вакилларининг бевосита иштироки, ҳиссаси катта албатта. Бундан кейин ҳам аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, саломатлигини муҳофаза қилишда бор куч-ғайратларини, билим ва маҳоратларини аямасдан фидокорона меҳнат қилишларига, халқимиз саломатлиги ва порлоқ келажаги ишончли қўлларда эканлигига ишонамиз.
Камолиддин РАҲИМОВ,
туман Тиббиёт бирлашмаси раҳбари.
